18 ноябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан аппеляция шикоятини киритди. Бу ҳақда «Газета.uz»га қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

30 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги UzAuto Motors АЖнинг шикоят аризасини қаноатлантирган эди. Суд жараёнларининг бир қисми аризачи — UzAuto Motors вакили томонидан суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги киритган илтимосномаси билан ёпиқ тарзда ҳам кўрилганди. Мазкур иш судья Ғолибжон Давлатов раислигида кўриб чиқилган. Суд қўмитага аризачи UzAuto Motors фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 230 000 сўм ва почта харажатлари ундириш белгиланган эди.

Бунга қадар, суд жараёнлари давом этаётган вақтда, UzAuto Motors қўмитани мақолаларни ўчиртириш ва ўзгартириш орқали ОАВга боси ўтказаётганликда айблаганди. «Душанба куни МҚКҚ расмий вакиллари бизнинг даъвоимиз юзасидан 16 октябрь куни ўтган учинчи суд мажлиси боришини ёритган ОАВга босим ўтказишга уриниб кўрганлар», — деган эди UzAuto Motors юридик бошқармаси директори Рустам Шаймардонов.

Шундан сўнг, АОКА UzAuto Motors компаниясининг Антимонополия қўмитаси суд жараёнини ёритаётган ОАВга босим ўтказгани ҳақидаги маълумотини ўрганиб чиқиб, айблов исботини топмаганини маълум қилган.

Воқеалар ривожи давомида қўмитанинг матбуот хизмати «Газета.uz»га қўмита барча муаммоларни қонуний тарзда ҳал қилиш позициясини сақлаб қолишини таъкидлаганди. Қолаверса, маъмурий иш якунлангач, суд қарори устидан шикоят киритишини айтганди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисдаги кодекснинг 202-моддасига мувофиқ, ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида депутатлар томонидан UzAuto Motors «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилаётганлигини текшириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилган эди. 19 август куни эса Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунингдек, март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилган эди.

UzAuto Motors эса бунга жавобан «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.