Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қатор ОАВга босим ўтказилгани қайд этилган расмий баёнотидаги вазиятни ўрганиб чиқди, дея хабар қилди АОКА матбуот хизмати.

Ушбу масалани ўрганиш натижасида UzAuto Motors АЖ тақдим этган маълумот ўз тасдиғини топмади. Агентлик томонидан 15 та етакчи электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ўртасида сўров ўтказилиб, мазкур суд ишини ёритишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмагани қайд этилди, дейилади хабарда.

Ушбу масала юзасидан АОКА томонидан UzAuto Motors компаниясига асоссиз маълумотни тарқатмаслик ва бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли огоҳлантириш киритилади.

Агентлик асоссиз, ёлғон маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик борлигини эслатиб, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда ОАВга тарқатилаётан маълумотларнинг асослилигини текширишни тавсия қилди.

Аввалроқ UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасини мақолаларни ўчиртириш ва ўзгартириш орқали ОАВга босим ўтказаётганликда айблаган эди. Мазкур баёнот юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати «Газета.uz»га UzAuto Motors қўйган айбловлар асоссиз эканини маълум қилди.