21 октябрь куни UzAuto Motors компанияси Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) ўртасидаги суд жараёнини ёритаётган ОАВга босим ўтказилаётганидан ташвишда эканини маълум қилди. Авто ишлаб чиқарувчи матбуот хизматининг хабар беришича, компания айрим амалдорларнинг журналистларга нисбатан цензура ва чекловлардек хато амалиётга интилишига йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблайди.

«Тошкент шаҳар маъмурий судида кўрилаётган ишнинг сўнгги суд мажлисидан кейин судда жавобгар сифатида иштирок этаётган томон оммавий чиқиш қилиб, UzAuto Motorsни гўёки биз «бузаётган ахлоқ меъёрлари»га риоя этишга чақирдилар. Қарангки, компаниянинг МҚКҚга нисбатан даъвоси юзасидан бораётган ишни тўлиқ ва шаффоф ёритишга бўлган табиий интилишимиз жавобгар томонда хавотирни уйғотаётган экан. Яна шу даражада эканки, улар очиқ-ойдин «қўмитага нисбатан даъволаримизга тегишли барча нарсани фақатгина суд муҳокамаси доирасида гапириш ва шарҳлашимиз» кераклигига ишора қилишган. Моҳиятан, бу биз учун очиқ баҳс-мунозара, шунингдек холис рақамлар ва фактларни оммага эълон қилиш ҳаммага ҳам ёқавермаслиги ҳақида биринчи сигнал бўлди», — дея таъкидлаган «UzAuto Motors» АЖ юридик бошқармаси директори Рустам Шаймардонов.

Бундан ташқари, Рустам Шаймардонов: «Афсуски, иш қўмитанинг оммавий ахборот воситалари билан мулоқотни қисқартиришга чақириғи билан тугаб қўя қолмади. Ишончли манбалардан бизга маълум бўлишича, душанба куни МҚКҚ расмий вакиллари бизнинг даъвоимиз юзасидан 16 октябрь куни ўтган учинчи суд мажлиси боришини ёритган ОАВга босим ўтказишга уриниб кўрганлар», — деди.

Унинг қайд этишича, қатор ҳолатларда бу уринишлар муваффақиятли бўлган: «Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматининг қатъий талабидан кейин айрим ОАВ холис маълумотларт акс этган мақолаларни ўз сайтларидан ўчириб ташлаган, бошқалари эълон қилинган матнлардан МҚКҚни қониқтирмайдиган қисмларини олиб ташлаб, ўзгартиришлар киритган».

«Мазкур суд ишидаги оппонентларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасининг қўпол бузилиши фактидан қутилишга уринишларининг олдини олиш учун, биз мақолалар аслининг скриншотларига ҳам, шунингдек, матбуотга босимнинг бошқа исботларига ҳам эга эканлигимизни айтиб қўймоқчиман», — дея ўз фикрини ифода этди.

Шунингдек, компания юристи ҳозир гап UzAuto Motors’нинг судда кўрилаётган МҚКҚга қарши ишида ким ҳақли эканида ҳам эмас, МҚКҚ вакиллари бу жараён суд залидан ташқарига чиқиб кетиши учун бор имкониятларини ишга солаётганини рўкач қилган.

«Мамлакатимизда UzAuto Motors’чалик ОАВ томонидан танқидга учраган компаниялар кам, десам ҳеч ким ажабланмайди, ҳолбуки кўп ҳолларда бу унчалик ҳам конструктив танқид бўлмаган. Бироқ бирор марта ҳам бу биз томонимиздан ўзимизга ёқмайдиган мақола ёки унинг бир қисмини ўчириб ташлашга уриниш учун баҳона бўлмаган. Масс-медиа билан мулоқотнинг маданий воситалари бор, улар шарҳ ёки раддия беришни кўзда тутади ва матбуот хизматимиз айнан шу услублардан фойдаланади. Биз Монополияга қарши курашиш қўмитасини ҳам — табиийки, бизнинг сўзларимизни рад этишга далиллари бўлса — журналистлар билан шу тарзда мулоқот қилишга чақирамиз», — дейилади Компания матбуот хизмати хабарида.

Жамият юристи МҚКҚнинг шанба кунидаги мурожаатига шундай жавоб берган: «Давлат органларининг ички ўзаро алоқаси каби тўқима ахлоқ меъёрларининг ҳеч қайсиси биз учун жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқотдан устун бўла олмайди. „Қўл синса, енг ичида“ қолишига чақириқлар ва истеъмолчиларимизни хабардор қилиш ўртасидаги танловда биз доим кейингисини танлаймиз. Мени аниқ тушунишларини истардим: ОАВ эркинлиги биз учун ҳатто у компаниямизга қарши турганда ҳам мутлақ қадрият саналади, зеро бу — камида воқелик билан алоқани йўқотиб қўймаслик ва яхши томонга ўзгаришнинг ягона йўлидир. Биз оппонентларимизга ҳам бу ёндашувимиздан фойдаланишни чин дилдан тавсия қиламиз».

Мазкур баёнот юзасидан, «Газета.uz» мухбири Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Манзура Хасанова билан боғланди. Унинг таъкидлашича, UzAuto Motors қўйган айбловлар асоссиз ва қўмита бундан аввал эълон қилган «позицияси»да қолишини, ҳар қандай низони қонуний йўл билан, фақатгина суд орқали ҳал этишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 16 октябр санасида бўлиб ўтган жамият ва қўмита ўртасидаги суднинг 3 йиғилишидан сўнг Антимонополия қўмитаси сукут сақлаш «анъанаси»ни бузган эди. 17 октябрда қўмита ўз баёнотида «Шу вақтга қадар қўмита суд жараёни тафсилотларига ҳеч қандай изоҳ бермай келаётган эди, чунки «UzAutoMotors» АЖ томонидан келтирилган ҳар қандай даъво ва шикоятларига Қўмитанинг экспертлари томонидан бевосита иш кўрилиш жараёнида жавоб бериб келинмоқда», — дея қайд этганди. Ўшанда қўмита UzAuto Motors компаниясини давлат органига нисбатан ахлоқий меъёрлардан чиқмаган ҳолда мулоҳаза юритишга чорлаганди.