2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAutoMotors нинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланди, дея хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш кўмитасининг махсус комиссияси томонидан компанияга асоссиз оширилган нархларни бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берилган эди. Кейинчалик эса UzAutoMotors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилди.

2 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда.

Аризачи — UzAutoMotors акциядорлик жамияти вакили томонидан судга суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома киритди. Илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралиб, ушбу илтимоснома ишни кўриш жараёнида тарафлар томонидан давлат сири билан боғлиқ махфийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар суд муҳокамасида кўрилиши учун тақдим этилганидан сўнггина муҳокама қилиниши учун очиқ қолдирилди ва суд ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлади.

Дастлаб сўз UzAutoMotors вакилига тақдим этилган ва у Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўтказилган текшириш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори нотўғри тадбиқ этилганлигини таъкидлаган. Шунингдек, UzAutoMotors томонидан ишлаб чиқариладиган товарларга нархлар шакллантирилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори тадбиқ этилиши лозимлиги, жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг нархини келишиш жамиятнинг Кузатув кенгаши ваколатига кириши тўғрисида айтиб ўтилган.

Аризачи вакили томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан «Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 18-банди талаблари бузилган ҳолда қарор қабул қилинганлиги, чунки Махсус комиссия йиғилишини ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлсада, UzAutoMotors га ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганлигини билдирди.

Жавобгар вакили томонидан аризачининг аргументларига нисбатан фикр-мулоҳазалардан сўнг, ушбу важларга нисбатан қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида фикр билдирилди. Судда тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш ҳамда суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш учун киритилган илтимоснома юзасидан ҳужжатларни ўрганиш учун суд муҳокамаси кейинга қолдирилди.

Кейинги суд мажлиси 9 октябрь куни ўтказилади.