Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича суди 9 ноябрь куни Сўх тумани Чашма қишлоғида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласидаги можарода иштирок этган 22 нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиқишни бошлаганини маълум қилган эдик.

Прокуратура томонидан 22 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ҳамда 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилган эди.

Суд ўз ишини 16 ноябрь куни давом эттирди. Kun.uz нашрининг хабар беришича, унда судья Тожиддин Ваҳобов дастлаб давлат айбловчисига сўз берган. У ўз навбатида тўпланган далилларга асосан, Сўх воқеаларида бир қанча автомашина ва яшаш хонадонларига моддий зарар етказилганини қайд этган.

Шундан сўнг, судья айбланувчидан эълон қилинаётган айбловга иқрор ёки иқрор эмаслигини сўраб чиққан. Айрим айбланувчилар иқрор эмаслигини, айримлари эса қисман иқрорлигини билдирган.

Ишни кўриш давомида судья айбланувчилар Махсум Аҳмедов, Равшан Миршарипов ва Назиржон Жўраевдан 31 май куни содир бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида сўраган.

Махсум Аҳмедов 31 май куни соат 14:30 ларда воқеалар содир бўлиши арафасида уйда бўлгани айтади. У Чашма булоғида одамлар йиғилаётганини эшитиб, DAMAS русумли автомашинага ўтириб, тўполон бўлаётган жойга боргани, лекин ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги тўқнашувни ўз кўзи билан кўрмаганини маълум қилади. Вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Шуҳрат Ғаниев жанжалли жойга келгани ҳақида уйга қайтаётганида эшитганини таъкидлади.

Равшан Миршариповнинг айтишича, у тумандаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Чашма булоғи воқеаларида ўғилларининг ҳам иштирок этаётганини эшитиб, воқеа жойига уларни олиб келиш учун борган.

Назиржон Жўраев ўша куни Чашма булоғида жанжал кўтарилганини мироб қўнғироқ қилганида билган. Ички ишлар ходими ҳам орада телефон қилиб қирғизлар томонида таниши кўплиги учун жанжални бостиришда унинг кўмаги кераклиги ҳақида айтган. Кўчага чиққанида машиналар Чашма томонга кетаётгани, у ҳам ўз машинасига ўтириб, шу томон боргани, йўлда тўхтаб, ҳар эҳтимолга қарши дўкондан 2 та дасткалла (таёқ) олиб машинасига ташлаб қўйгани, лекин уларни ҳодиса жойида ишлатмаганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Жўраев тўқнашув жойида ўспирин боланинг қўлида бўлган пичоқни бировга зарар етмаслиги учун олиб қўйган, пичоқ ёнида турганига қарамай, ишлатишга эҳтиёж бўлмаган. Икки халқ ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш учун елиб-югуриб, оқибатда жанжалда яраланиб жабр кўрган. У Шуҳрат Ғаниев жабр кўрмаслиги учун эса уни хатарлардан ҳимоя қилганини айтиб ўтди.

Судланувчиларнинг кўрсатмалари тинглангач, адвокатлар уларга саволлар билан мурожаат қилган.

Олий суд сайтининг очиқ маълумотларига қараганда, суд ишида 23 ноябрь соат 10:00 га қадар танаффус эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» август охирида олти нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар орасида Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегацияга тош отган фуқаро ҳам бўлгани ҳақида ёзган эди.

Олти нафар айбланувчи қаторида, шунингдек, 22 ёшли Дадахон Ҳайдаров [июнь ойида бўлиб ўтган бош вазир билан учрашувда ҳокимни ўзгартиришни сўраган сўхлик видеоблогер] ва 28 ёшли Дилмурод Махбубов ҳам қўлга олинган эди. Кейинчалик, 2 сенятбрь куни улар тергов айблов қўя олмагани боис қамоқдан озод қилинганди.