1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов чегарада учрашув ўтказиб, бир кун олдин икки давлат чегара ҳудудидаги қишлоқлар аҳолиси ўртасида юз берган тўқнашув тафсилотларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғида булоқ масаласида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги можаро юз берган эди.

Икки томон расмий шахслари томонидан воқеа сабаблари ўрганилиб, «Чашма» булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққани аниқланди. Унда, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган ва бунинг оқибатида икки томондан ҳам жабрланганлар бор.

ТИВнинг маълум қилишича, «Чашма» булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд.

Қайд этилишича, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов учрашуви давомида томонлар чегарада юз берган кўнгилсиз воқеа учун афсусда эканини билдирган.

Томонлар трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 2017 йил 6 октябрда имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилишга ва мазкур ҳодиса бўйича биргаликда тергов ҳаракатлари олиб боришга келишиб олдилар.

«Икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олинди. Томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олдилар», — дейилади Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Шунингдек, ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ўтказишга келишиб олдилар.