Фарғона вилояти Сўх туманидан бўлган видеоблогер Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамоққа олинган. Блогернинг отаси Шерали Эралиев 22 августдан буён унинг қаерда эканлигини билмаслигини айтди.

Хабар берилишича, 22 ёшли фуқаро ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан май охирида Сўх туманида юз берган тартибсизликлар сабаб олиб кетилган. Бош прокуратура аввалроқ олти нафар шахснинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz»нинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги ахборот манбаси эса 80−90 одамнинг олиб кетилганини маълум қилди.

Блогернинг чиқиши

31 майда Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани аҳолиси биргаликда Чашма сув манбасини тозалаётган вақтда оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди. Ўзбеклар томонидан камида 187 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган, улар орасида 15 нафари оғир аҳволда эди.

Абдулла Арипов ва Шухрат Ғаниев. Фото: Сўх тумани хокимияти.

1 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов Сўхдаги тартибсизликларни бартараф этиш учун туманга ташриф бюрган эди. Қирғиз делегацияси ва маҳаллий аҳоли билан бўлган урашувда у эксклав коридорини, «Сўх — Риштон» йўлини очишни, Чашма манбасининг келажаги каби саволларни муҳокама қилди. Яқинда ижтимоий тармоқларда маҳаллий YouTube-блогер Дадахона Ҳайдаровнинг (Dengiz TV) бош вазир билан учрашувдаги чиқишининг видеолавҳаси тарқалди.

«Сўх туманида фақат мен блогерлик фаолиятини олиб бораман. YouTube да менинг ўз аудиториям бор. Мен интернетда Сўхдаги муаммоларни кўтарганимда, ҳокимиятдагилар дарров „Чиқарма. Бошингга бало орттирасан“ дейишади. Сўх туманидан бўлишимга қарамай, мен биринчи рақамли блогерман, менда 800 мингта кузатувчи бор (нашр вақтида 820 мингта — таҳр.). Шунинг учун сизлардан битта илтимос: Сўхдаги муаммоларни тўғри Тошкентга етказиш учун бирор ташкилот, ахборот воситаси ташкил қилинглар. Бизга Фарғона вилояти ҳокимияти керак эмас. Илтимос, Сўх ҳокимиятини тўлиқлигича ўзгартиринглар», — деб таъкидлади у.

«Илтимос, керак бўлса, Фарғона вилояти ҳокимини ўзгартиринглар… Бу фақат менинг таклифим. Умид қиламанки, сиз мени тўғри тушунасиз», — деган эди Дадахон Ҳайдаров.

Ҳокимдан норози эканликларини бошқа фуқаролар ҳам билдиришди. Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги делегацияга тошлар отишди. Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи «бундай ёшликка қўл урган ёшларга тегишмайди» дея таъкидлаган эди.

Сўх туманидаги кўчалардан бири.

Дадахон Ҳайдаров ҳукумат раҳбарига мобиль алоқаларидан фойдаланишдаги муаммоларни ҳам айтди. Унинг маълум қилишича, Сўх туманида яшовчилар қирғиз операторлари хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда.

«Бошига қоп кийгизишди ва вертолётда олиб кетишди»

1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси Жиноят кодексининг 219- моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 214 моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноий иш очган. Бироқ айбланувчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида фақат августга келиб маълум бўлди. Жиноий иш очилган олти нафар шахс орасида 10 август куни ҳибсга олинган 23 ёшли Давлатжон Маллаев ҳам бор. Суд қарорида айтилишича, у ҳукумат вакилларига тош отган.

Чоршанба куни «Озодлик» камида 12 кишининг қўлга олингани ва уларнинг орасида блогер Дадахон Ҳайдаровнинг ҳам борлиги ҳақида хабар берди. Дадахон Ҳайдаровнинг отаси, Шерали Эралиев, «Газета.uz»га 22 август куни 9:00 лар атрофида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг уни олиб кетишганини маълум қилди.

Шерали Эралиев аёли Азиза Эралиева билан Сўх тумани «Навобод» маҳалласидаги уйи ёнида.

«У пайт ўғлим ухлаётган эди. Уйимизга уч нафар ички ишлар ходими, маҳалла вакили, „участкавой“ ва яна бир фуқаро кийимидаги киши келди. Ҳаммамиз ташқарига чиқдик, мен ташрифларининг сабабини сўрадим. Улар ўғлимнинг блогер эканлигини ва улар унинг фаолиятини текшириш учун уни олиб кетишлари кераклигини айтишди. Текширув ишларидан кейин уни қўйиб юборишга ваъда беришди. Биз ишондик ва ҳавотирга тушмадик. Кейин уни енгил машинада олиб кетишди, менимча Nexia эди», — деди у.

Кейинроқ маҳалла қўмитаси ходими блогернинг онасига қўнғироқ қилган ва ўғлининг ишига эътиборли бўлишлари кераклигини айтган.

Сўх тумани ИИБ.

«1−2 соатдан кейин мен милиция бўлими рўпарасидаги маданият уйида бўлиб ўтган йиғилишга бориш учун марказга кетдим. Шу пайт мен фуқаро кийимида юрган, ўғлимни олиб кетган ходимни кўрдим. Ўғлим қаерда эканлигини сўрадим. У ҳозир маданият уйида йиғилиш бўлиб ўтаётганилигини, ўғлим шундан кейин чиқишини айтди. Буни эшитиб бироз тинчландим. 11:00да йиғилиш тугади, лекин ҳеч ким чиқмади. Милиция бўлимида у ерда ҳеч ким йўқлигини айтишди. Танишларим ҳам уни милицияда эмаслигини айтишди», — дейди Шерали Эралиев.

Унинг сўзларига кўра, кечга яқин, 17:00—18:00 атрофида, у аёли билан яна Сўх тумани ички ишлар бўлимига борган. ИББ бошлиғи Қосимжон Раҳимбердиев уларнинг ўғлини ва бошқа ҳибсга олинганларни Фарғонага олиб кетишганини айтган.

«Биз нима бўлганини тушунмадик. Эрталабгача кутдик. Эрталаб Дадахоннинг ўзи телефон қилди. У Фарғонада, ҳоласиникида эди. У уни милицияга олиб келишганини, кейин бошига қоп кийгизиб, вертолётда олиб кетишганини айтди. 5−10 минутдан сўнг у кўзини очса, у Фарғонада экан. У ерда уни кечгача сўроқ қилишган ва эртага текширув учун яна 10:00 келишини айтиб, қўйиб юборишган. У у ерга эрталаб борган ва менимча, уни ҳибсга олишган. Биз уни шундан бери кўрганимиз йўқ, ҳеч қандай хабар йўқ», — деди блогернинг отаси.

Шерали Эралиев аёли билан Фарғонага боришган, давлат адвокати Шоира Абдураззоқова билан кўришишган ва адвокатлик хизматларини кўрсатиш учун у билан шартнома тузишган (2 млн сўмга).

«У бу ишнинг баъзи деталларини сўзлаб берди ва қайси моддаларга кўра айбланаётганини айтди — Жиноят кодексининг 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244 моддалари (оммавий тартибсизликлар). 22 соат ўтиб 10 суткага ҳибсга олингани ҳақда айтди. Шундан бери у ҳақда ва унинг қаерда сақланаётганлиги ҳақда хабар беришмаяпти», — деди у.

Дадахон Ҳайдаровнинг ота-онаси адвокатнинг маълумотларига таяниб, вилоятнинг Олтиариқ ва Кува туманларига боришган, лекин ИИБ ходимлари блогернинг у ерда сақланмаётганини айтишган.

«Кейин бизга унинг Фарғона вилояти ИИБларидан биридаги изоляторда сақланаётганлигини ва аниқ қаерда эканлигини билмасликларини айтишди», — деди у.

Дадахон Ҳайдаров.

Шерали Эралиев унинг ўғлини бош вазир олдида чиқиш қилганлиги учун ҳибсга олишган дея таҳмин қилмоқда.

«Қўшнилар ўша куни ундан блогер сифатида чиқишини ва барча муаммолар ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилишган эди. Бола ёшлик қилиб чиқиб гапирди», — сўзлаб берди ёш йигитнинг отаси.

Шерали Эралиев — расман ишсиз, лекин қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб боради, унинг аёли — шифокор. Унинг сўзларига кўра, Дадахон Хайдаров ҳам расман ишсиз, лекин олий ўқув юртига ўқишга ҳужжат топширишни режалаштираётган эди.

Бошқа ҳибсга олинганлар

«Газета.uz» манбасига кўра, Сўх тумани ҳуқуқ-тартибот органларига 80−90 нафар шахс олиб борилган.

Сўх туманида яшовчи фуқаронинг анонимлигини асқлаб қолиш шарти билан сўзлаб беришича, «Сариканда» маҳалласида яшовчи Махсум Аҳмедов (1973 й.т.) нинг ҳам ИИБга олиб кетишган.

Бундан ташқари, Қала кўчасида яшовчи Дилмурод Махбубов (1992), шунингдек, «Чумокча» маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек Оташов (2000) лар ҳам ҳибсга олинган.

Нашр вақтигача Бош прокуратурадан расмий изоҳ олишга муваффақ бўлинмади.