19 октябрь куни Тошкентда автобуслар, метро ва микроавтобуслар йўловчиларига нафақат ҳимоя ниқоблари, балки тиббий қўлқоплар кийишлари ҳам мажбурий қилиб қўйилди. Транспорт вазирлиги пойтахтдаги жамоат транспорти ҳайдовчилари, кассалари ва кондукторлари томонидан йўловчиларга қўлқоплар бепул тақдим этилиши ҳақида маълум қилган эди.

Анвар Жўраев. Фото: Uzreport TV.

Душанба куни бўлиб ўтган брифингда Тошкент транспорт бошқармаси бошлиғи ва «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари Анвар Жўраев Тошкентда жамоат транспортларида қўлқоп кийиш талаблари АҚШ ва Россия тажрибасини ўрганиш ҳисобига жорий қилинганлигини айтди.

«Бунинг энг асосий сабаби, ҳар бир йўловчимиз бир кунда ўртача 20−30 дақиқа вақтини транспортда ўтказади. Шу даврда йўловчиларимизга чиптачилар, ҳайдовчилар ҳамда метродаги касса ва метро операторлари томонидан бепул бир марталик қўлқопларни тарқатмоқдалар. Мингдан ортиқ йўловчилар транспорт воситасидан фойдаланаётганини ҳисобга олсак, ушбу қўлқоплардан тўғри фойдаланиб, тутқичларни ушласа, хавф камаяди», — деди у.

Транспорт департаменти раҳбари қўлқопларнинг нархини ҳам айтиб ўтди. «Буларнинг барчаси йўловчиларимиз ҳисобидан эмас, балки транспорт корхоналари томонидан сотиб олинмоқда. Ҳар битта қўлқопнинг нархи 56 сўмдан айланмоқда. Демак, йўл кира 1400 сўмни ташкил қилаётган бўлса, бу бор йўғи 4 фоизини ташкил қилаяпти», — деди транспорт бошқармаси бошлиғи.

Қўлқоп кийиш талаблари жорий қилинган биринчи кунданоқ йўловчилар ахлат қутиларининг ҳаддан ташқари тўлиб қолаётгани акс этган фотосуратларни жойлашни бошлашди. Анвар Жўраев ушбу муаммони ҳал қилиш учун йирик автобус бекатлари ҳамда метрога кириш ва чиқиш жойларида катта ҳажмли ахлат қутилари ўрнатилишини таъкидлади. «Ўзбекистон темир йўллари» пойтахт метрополитени маъмурияти ахлат қутиларини тозалаш жадвалини қайта кўриб чиққанлигини қўшимча қилди.

Транспорт бўлими бошлиғи йўловчиларнинг атиги 5−10 фоизи метрополитендаги антисептик дозаторларидан фойдаланганини, бу эса қўлқоп тарқатиш қарорига келишга сабаб бўлганини қўшимча қилди.

Август ойида Тошкент метрополитени кунига 240 минг йўловчига, ҳалқа метроси — 46 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиши ҳақида хабар берилган эди. «Тошшаҳартрансхизмат» кунига 600 мингдан ортиқ йўловчи ташийди (2019 йил бошидаги статистика).

«Ойбек» метро бекати. Фото: «Газета.uz».

«Ойбек» метро бекати яқинидаги автобус бекати. Фото: «Газета.uz».

«Халқлар дўстлиги» метро бекати ёнида. Фото: «Газета.uz».

«Буюк ипак йўли» метро бекати яқинида уюлиб қолган қўлқоплар. Фото: «Газета.uz».

Эътиборлиси шундаки, ЖССТ июнь ойида аҳолига коронавирус тарқалишининг олдини олишда қўлқопдан фойдаланишнинг самарасиз экани ва тавсия этилмаслигини маълум қилган эди. ЖССТ маълумотларига кўра, қўлқоп кийиш инфекцияни юқтириш хавфини ошириши мумкин: одам инфекция мавжуд юзага қўлини теккизганидан кейин уни юзига олиб бориб, ўзига ёки бошқаларга касаллик юқтириши мумкин.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) жамоатчиликни фақат тозалаш ёки касалларга ёрдам кўрсатиш ҳолатларида қўлқоп кийишни тавсия қилди.

Москвада 16 октябрдан бошлаб йўловчиларни жамоат транспортига ниқоб ва қўлқопсиз киритиш тақиқланди. Шу билан бирга, Россия пойтахтида жамоат жойларида ниқоб ва қўлқоп кийиш 12 майдан бошлаб мажбурий қилиб қўйилган.