2021 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил автомобиль транспортида ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Бу Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳага кўра, ўзини ўзи банд этувчи шахслар енгил автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини мобил иловалар — агрегаторлар орқали амалга оширганларида олинган даромадларга ижтимоий солиқни тўлаш билан бир қаторда жисмоний шаҳслардан даромад солиғи белгиланган тўлов ставка бўйича олинган даромад суммаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ солинади.

Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда ўзини ўз банд қилган шахслар томонидан йўловчилар ташишни ташкил этиш тартибини тасдиқлаш топширилди:


  • тиббий кўрикдан ўтишнинг қулай тартиби, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ва транспорт воситаларининг ташқи қиёфаси ва жиҳозланишига қўйиладиган талаблар соддалаштирилиши;
  • йўналишсиз таксиларга мижозларни топиш учун интерактив хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган электрон дастурий маҳсулотларида (агрегаторлар) мажбурий рўйхатдан ўтиш;
  • контактсиз тўловлар асосида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти.

Лойиҳа муҳокамаси 23 октябргача давом этади.

Масаланинг хронологияси

Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён жисмоний шахсларга такси хизматларини кўрсатишга рухсат беришни режалаштирилмоқда. 2017 йилнинг ўзида собиқ молия вазири Жамшид Қўчқоров (ҳозирги бош вазир ўринбосари, иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш ишлари бўйича вазир) бу ҳақда гапирган эди. Бу эса солиқ йиғишнинг кўпайишига, қўшимча захираларни аниқлашга ва даромадларни қонунийлаштиришга олиб келади деб кутилган эди.

Бироқ 2018 йил январь ойида молия вазири ўринбосари Ахадбек Ҳайдаров давлат бюджети параметрлари индивидуал патентларни йўлга қўйишни назарда тутганини маълум қилди, аммо мурожаат ва танқидлардан сўнг ушбу хизматни патентлаш тасдиқланган давлат бюджетидан чиқариб ташланди. «Баъзи экспертлар биз бунга ҳали тайёр эмаслигимизни таъкидлашди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан патентларни жорий этишни кейинга қолдириш таклиф қилинди, чунки бу ҳолатда йўловчилар ва ҳайдовчилар ҳаёти хавф остида қолмоқда», — дея қўшимча қилди у.

2018 йил баҳорида якка тартибдаги тадбиркорларга такси хизмати кўрсатишга рухсат бериш, шунингдек йўналишли таксиларга касса аппаратлари ва радиоалоқа воситаларни ўрнатиш талабларини бекор қилишни назарда тутувчи президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бироқ ушбу таклифлар давлат раҳбари томонидан имзоланган фармоннинг якуний версиясига киритилмади.

2019 йил баҳорида якка тартибдаги тадбиркорларга такси хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши мумкинлиги маълум бўлган эди — президент бир ой ичида тегишли таклифларни тайёрлашга кўрсатма берди.

2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида йўналишли таксиларда йўловчи ташиш бўйича хизмат кўрсатишга рухсат бериш таклиф қилинди. Бироқ охир-оқибат лойиҳа қабул қилинмади.

Ўзбекистон бўйлаб такси фаолиятини қонунийлаштириш бюджетга тахминан 180 млрд сўм миқдорда фойда келтиради ва мамлакат ЯИМини камида 0,1 фоизга оширади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раис ўринбосари Мубин Мирзаев 2019 йил апрель ойида айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, 2018 йилда мамлакат бўйлаб 13 трлн сўмлик такси хизматлари кўрсатилган. Қонунга кўра, ягона солиқ ставкаси бўйича 5 фоиз миқдорда, 650 млрд сўмлик солиқлар тўланиши керак эди. Амалда эса 53 млрд сўм солиқ тўланган.