Жўрабек Аҳмедов Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 27 август куни туман Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туман депутатлари томонидан ️Бўстонлиқ туман ҳокими лавозимига Жўрабек Илҳомович Аҳмедовнинг номзоди кўриб чиқилди.

Муҳокамалардан сўнг, Ж. Аҳмедов Бўстонлиқ тумани ҳокими лавозимига тайинлангани қайд этилди.

Маълумот учун, Жўрабек Ахмедов 1983 йил Бухоро вилояти Вобкент туманида туғилган. Тошкент архитектура ва қурилиш институтини тамомлаган. Тайинловга қадар Ж.Ахмедов Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Инвестицияларни жалб қилиш ва туризм инфраструктурасини ривожлантириш департаменти бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган эди.

2018 йилдан бери Ғайрат Мадаминов Бўстонлиқ тумани ҳокими лавозимида хизмат қилиб келаётганди. Август ойи ўрталарида Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг туризм салоҳияти жуда юқорилигига қарамасдан, узоқ йиллар давомида бундан етарлича фойдаланилмаганини таъкидлаганди.

Шу боис, давлат раҳбари ушбу ҳудудни тўлиқ туристик зона сифатида ривожлантириш ва режадаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига (ҳозирда бу лавозимни Азиз Абдухакимов эгаллаб келмоқда) параллел равишда, янги тажриба тариқасида Бўстонлиқ туманига раҳбарлик вазифасини бажаришни юклатиш таклифини билдирганди.