Сурхондарёда 6 дона пропан газ баллони ортилган автомашина ёниб кетган. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

12 август куни соат 19:05 ларда, Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, «Инкабод» маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-105 автомобиль йўлининг 33-километрида ҳайдовчи У.Х. (1981 й.т.) «Ваз-2107″ русумли автомобилга 6 дона пропан газ тўлдирилган баллонларни ортиб, Денов-Бойсун» йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётиб, автомашина салонида сигаретни туташиш мақсадида олов ёққан вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин юзага келган.

Натижада, ҳайдовчи У.Х. автомашинани тўхтатиб, салон олд ўриндиғида ўтирган ўғли Д.И. (2011 й.т.) ни куйиш тан жароҳатлари билан салон ичидан олиб чиққан. Транспорт воситаси ёнғин оқибатида тўлиқ зарарланган.

9 ёшли Д.И. 30−35% куйиш тан жароҳатлари билан туман шошилинч тез тиббий бўлимига ётқизилган. Тиббий муолажалар кўрсатилишига қарамай, жорий йилнинг 14 август куни соат 15:30 ларда вояга етмаган Д.И. вафот этган.

Ушбу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти, Бойсун туман ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.