22 июль куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон савдо ташкилотининг навбатдаги йиғилишида аъзо давлатлар Туркманистонга кузатувчи мақомини беришни қўллаб-қувватладилар. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

«Тахминан 6,2 млн аҳолига эга Марказий Осиё давлати ЖСТ билан расмий муносабатларни ўрнатган собиқ совет республикаларидан охирига айланди» — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Туркманистон ЖСТда кузатувчи мақомини олиш учун ўз аризасини 2020 йил май ойида тақдим этган, бу, ўз ўрнида, мамлакат 5 йил ичида ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлаш ниятида эканлигини билдиради.

Барча делегациялар номидан ЖСТ бош кенгаши раиси, Янги Зеландия элчиси Дэвид Уолкер Женевадаги Туркманистоннинг доимий вакили ва элчиси Атагелди Халжановни қабул қилди ва ЖСТнинг янги кузатувчи мамлакати сифатида сўзга чиқишга таклиф қилди.

Туркманистон вакили ташкилот аъзоларига миннатдорлик билдириб, ЖСТ Туркманистоннинг жаҳон иқтисодиёти ва савдосига янада интеграциялашувига эришиш платформаси сифатида муҳимлигини таъкидлади.

«Замонавий дунёда иқтисодий глобаллашувнинг тобора кучайиб бораётган тенденциялари Туркманистонга жаҳон иқтисодиётига ва халқаро иқтисодий муносабатлар тизимига фаол қўшилиш вазифасини қўйди. Туркманистон ЖСТ қоидалари ва тартиблари билан танишиш учун кузатувчи мақоми имкониятларидан тўлиқ фойдаланади», — деди элчи Атагелди Халжанов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2019 йил июль ойида мамлакат ЖСТга ташкилотга аъзо бўлиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни аризани кўриб чиқишга тақдим этган пайтда бошланган эди. Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи йиғилишларини қайтадан бошлаб, 7 июль куни Женевада видеоконференция шаклида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 1998 йилда ташкил этилган эди. Кейинги йилларда ушбу ишчи гуруҳ фақат уч марта учрашди ва 2000 йилларнинг ўрталарида унинг халқаро экспертлар билан учрашувлари тўхтатилган.