Коронавирус инфекциясига чалинган икки нафар тошкентлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этдилар, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи 51 ёшли В.Т. (эркак)да жорий йил 5 июль куни «COVID-19» тасдиқланган ва у Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик сепсис, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 42 ёшли С.С. (эркак)да жорий йил 17 июль куни «COVID-19» тасдиқланган ва у ўта оғир аҳволда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига ўтказилган.

Беморга «COVID-19» инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик сепсис, ўткир нафас етишмовчилигининг 4-даражаси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик каби асоратлар билан кечган. У юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, қандли диабетнинг декомпенсация босқичи каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.