2020−2021 ўқув йили учун ОТМга кириш имтиҳонларида абитуриент ўзи танлаган ҳудудда тест синовларида иштирок этиш имконияти бу йил ҳам сақлаб қолинади. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов 4 июнь куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Қайд этилишича, абитуриент ДТМнинг веб-сайти орқали шахсий кабинетидан рухсатномасини онлайн олганидан сўнг рухсатномада белгиланган сана ва вақтда, ўзи танлаган ҳудудда тест синовида иштирок этиш имконияти тақдим этилади.

«25 июлдан 20 августга қадар тест ўтказиш режалаштирилган. Абитуриент истаган жойидан имтиҳон топшириши мумкин. Хоҳласа ўзида, хоҳласа Тошкентда. Қайси таълим муассасасига қиришдан қатъий назар бу имконият янаги йил ҳам сақланиб қолинади», — дея таъкидлади ДТМ директори Мажид Каримов.

Давлат тест марказининг матбуот хизмати ходими «Газета.uz» нашрига бу тартиб қийинчилик туғдирмайди, чунки 2019 йилги ОТМга кириш имтиҳонларида ҳам бу тартиб амалда қўлланилган дея маълум қилди.

Маълумот учун, Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги қарорига кўра, абитуриент ўзи танлаган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ёки Тошкент шаҳрида) ташкил этиладиган тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 2020−2021 ўқув йили учун абитуриентлар республика ОТМларига 15 июндан 15 июлгача онлайн ҳужжат топширишлари мумкин бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, кириш имтиҳонларида абитуриентлар иккита фандан тест синовлари топширади.