Абитуриентлар республика ОТМларига 15 июндан 15 июлгача онлайн ҳужжат топширишлари мумкин бўлади, дея хабар берди Олий таълим вазирлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га.

Бунда абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Абитуриентлар:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz
  • Давлат тест марказининг расмий веб-сайти — dtm.uz
  • Давлат хизматлари марказлари орқали онлайн рўйхатдан ўтказилади.

ОТМларга қабул кўрсаткичлари таълим йўналишлари ва ўқитиш тили кесимида ДТМ ҳамда тегишли олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб бериш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ҳамда барча олий таълим муассасаларида Call centerлар ташкил этилади.

Тест синовлари натижалари бир кун муддатда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тест синовлари натижаларига кўра таълим йўналишлари кесимида талабаликка тавсия этиш бўйича танлов натижалари тест синовларининг охирги кунидан бошлаб бир ҳафта муддатда Давлат тест марказининг расмий веб сайтида эълон қилинади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари таълим йўналишларининг хусусиятига кўра имтиҳон ўтказилгандан кейин 1−3 кун муддатда олий таълим муассасасининг расмий веб сайтида эълон қилинади.