2020−2021 ўқув йили учун абитуриентлар учун таълим йўналишига мос иккита фандан тест синовлари ўтказилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати «Газета.uz» нашрига хабар берди.

Унга кўра, 2020−2021 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Йиғилишда қайд этилгандек, абитуриентлар учун тест блокидаги фанлар таркиби ва кетма-кетлиги бир хил бўлган 3 та таълим йўналишини танлаш имконияти сақланиб қолинади.

Таъкидланишича, алоҳида иқтидор талаб этиладиган ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд таълим йўналишларига киришда абитуриентлар фақатгина битта таълим йўналишида танловда иштирок этиши мумкин бўлади.

«Тест синовлари карантин чекловлари тугагандан сўнг июль-август ойларида (тахминан 27 июлдан 15 августгача) ўтказилади. Карантин чекловлари давом этган тақдирда тест синовларини ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин. 2020/2021 ўқув йили учун таълим йўналишига мос иккита фандан тест синовлари ўтказилади. Тест топшириқларини бажариш учун ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат, 2 та фан учун жами 2 соат вақт ажратилади», — дейилади хабарда.

Иккита мутахассислик фанидан тест ўтказилишида баллар қуйидагича белгиланади:

  • 1-блок — 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин:
  • 2-блок — 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл берилади.

Тест синовларида максимал 189 балл тўплаш мумкин.

Шу билан бирга, қабул жараёнлари ва кириш тест синовларини ўтказишда, аввало, абитуриентларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилади ва ҳар бир бир жараён шу асосда ташкил этилиши маълум қилинди.

Тест синовлари ҳар бир абитуриентга камида 3 кв.м. ўлчамда жой ажратилган ҳолда сиғими 650−700 кишидан ошмаган биноларда ўтказилади. Синовлар кунлик икки-уч сменада ўтказилади. Бунда, бир сменада 24 654 (2019 йилда 35 220) нафар, кунлик 73 962 (2019 йилда 70 440) нафаргача абитуриент тест синовларини топшириши мумкин бўлади. Имтиҳонлар тўлиқ видео кузатувлар асосида ўтказилиб, жараёнларнинг видео ёзувлари сақлаб қўйилади.

Абитуриентларни бинога киритишда тана ҳарорати ўлчанади ҳамда ниқоб ва резина қўлқоплари билан таъминланади; тест синовлари ўтказиладиган бино ҳудуди ва ички қисмида кунига 4 марта дезинфекция ишлари амалга оширилади.

Хабарга кўра, касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳам карантин, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари учун 11 июльдан 20 июлгача; алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун 25 июлдан 10 августгача ўтказилади.

Карантин чекловлари давом этган тақдирда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари соддалаштирилган тарзда тузилади. Бир абитуриентга имтиҳонда бир соатдан ортиқ вақт сарфламаслик, абитуриентнинг олий таълим муассасасига бир марта келиб кетишини таъминлаш инобатга олинади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлариолий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган фанлар сони таълим йўналишининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда минимал қисқартирилади.

Қайд этилишича, тест синовлари натижалари бир кун муддатда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари таълим йўналишларининг хусусиятига кўра имтиҳон ўтказилгандан кейин 1−3 кун муддатда олий таълим муассасасининг расмий веб сайтида эълон қилинади.

Бундан ташқари, қийин ижтимоий аҳволдаги, кам таъминланган, ногиронлиги бор аъзоси бўлган оилалар қизларига 800 та алоҳида квота ажратилади. Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда рўйхат шакллантирилади ҳамда тегишли низом тайёрланмоқда.

Шунингдек, Сўх туманида истиқомат қилувчи битирувчиларига ОТМларга киришда алоҳида 500 та давлат гранти квотаси берилади.

Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни таълим соҳаси бўйича йиғилишда президент пандемия даврида киириш имтиҳонларни соддалаштириш бўйича топшириқ берганди.