Ўзбекистон Республикасининг «Стартаплар тўғрисидаги» қонуни лойиҳаси жамоат муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қонун стартап, стартап-экотизим, стартап акселератор ва кўмак дастурларига изоҳ беради. Унга кўра, стартап — инновацион таркибий қисмларга эга бўлган ва юқори таваккалчиликка асосланган, ўзига хос инвестицияларни талаб қиладиган кенгайтириладиган бизнес моделини излаш ва амалга ошириш учун мўлжалланган вақтинчалик тузилма ҳисобаланди.

Бундан ташқари, қонун билан стартапларни ташкил этишнинг асосий принциплари белгиланади. Буларга: стартапларни амалга ошириш учун йўналишни, манбаларни ва шартларни танлаш эркинлиги; стартапларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурларидан тенг фойдаланишни таъминлаш; экологик, илмий, ахлоқий меъёрларга риоя қилиш; инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслик каби принциплар киради.

Стартап-экотизимни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Стартап-экотизимни ташкил этиш ва ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланиши кутилмоқда:

  • стартап-экотизимни ривожлантириш учун қулай ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиш;
  • устувор йўналишларни аниқлаш ва стартап-экотизимни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • стартапларни ривожлантириш ва корхоналарни рағбатлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • стартап-экотизим иштирокчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
  • венчур капитал соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш ва венчур капитал ташкилотларини стартапларга инвестиция киритишга рағбатлантириш;
  • стартап-экотизимни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Стартап-экотизимини ташкил этиш, стартапларни рўйхатга олиш, мониторинг қилиш ва ривожлантириш, шунингдек бизнес-инкубаторлар ва бошланғич акселераторларни сертификатлаш бўйича ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳисобланади.

Стартаплар учун кўмак дастури

Стартаплар кўмак дастурида ихтиёрий равишда қатнашадилар. Кўмак дастури бўйича стартаплар қуйидаги имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин:

  • стартап ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинадилар;
  • стартапнинг устав капиталидаги улуши ташқи инвесторга сотилганида (cash-out), жисмоний шахслар сифатидаги стартап иштирокчиларининг даромадларига солиқ солинмайди;
  • компания ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилади;
  • компания ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш доирасида ўз эҳтиёжи учун четдан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хомашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади;
  • интеллектуал мулк кафолати эвазига кредит олиш имконияти;
  • «дефолт» ҳолатида стартаплар юридик шахс фаолиятини енгиллаштирилган шаклда тўхтатиш ҳуқуқига эгадирлар.

Кўмак дастури талаблари

Кўмак дастурида қатнашиш учун стартаплар қуйидаги талабларга жавоб беришлари керак:

  • Ўзбекистонда камида 1 йил олдин ва 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда рўйхатдан ўтган юридик шахслар бўлиши;
  • молиявий ҳисобот натижаларига кўра йиллик пул айланмаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кам бўлиши;
  • асосан ёки фақат технологик таркибий қисмга эга хизматларни ва/ёки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш билан шуғулланиши;
  • ишлаб чиқилаётган маҳсулот / хизмат тижоратлаштиришда потенциал юқори қўшимча қийматга, даромадлиликка (таннарх ва нарх орасидаги) эга бўлиши;
  • йиллик молиявий ҳисоботга кўра тадқиқот ва ишланмалар учун сарфланган харажатлар умумий харажатларнинг 15 фоизидан кам бўлмаслиги.

Кўмак дастуридан фойдаланишда чекловлар ҳам мавжуд. Aгар жамоада бир вақтнинг ўзида директорлар кенгаши аъзоси ёки бошқа компаниянинг директори, давлат ёки маҳаллий бошқарув идораси ходими каби ходим/ходимлар ишласа, стартап кўмак дастурида қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

Кўмак дастури даври ваколатли давлат органи томонидан ёрдам дастурини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 йилдан 3 йилгача берилиши мумкин.

Бундан ташқари стартапларни молиялаштириш ва уларни молиялаштиришда чет эл венчур капиталини жалб қилиш учун қўшимча чора-тадбирлар доирасида Стартап виза дастури (Startup Visa) ҳам ишга туширилиши режалаштирилган.

Стартап виза — Ўзбекистон Республикасида ўз бизнесини биринчи маротаба, икки йил муддатга бошлаган, юқори салоҳиятга эга хорижий ишбилармонларга, шунингдек чет эл стартаплари ва жалб қилинган менторларга Ўзбекистон Республикаси стартаплари ўртасида тегишли келишув муддати давомида иш (бизнес) визаси учун мўлжалланган визалар туридир.

Визалар чет эллик мутахассисларнинг илтимосига биноан уларнинг оила аъзоларига ҳам (турмуш ўртоқлари / шериклари ва 18 ёшгача бўлган болалар) аризада кўрсатилган муддатга, амалдаги шартноманинг амал қилиш муддати давомида берилиши мумкин.

Қонун лойиҳасида чет эллик ишбилармонларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига инновацион маҳсулотни яратиш ёки ривожлантириш учун 5 йил муддатга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун рухсат берилиши кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 12 майга қадар давом этади.