Ўзбекистон Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ берди. Лойиҳада давлат тили тўғрисидаги қонун талабларини бузган мансабдор шахсларни БҲМнинг 2 дан 5 бараваригача миқдорда жаримага тортиш таклиф этилмоқда.

«Қонун лойиҳаси мазмунига оид асоссиз маълумотлар тарқатиш, айрим ижтимоий тармоқлар ва янгиликлар сайтларида унинг меъёрларини нотўғри талқин қилишга бўлган уринишларни ҳисобга олган ҳолда вазирлик мазкур лойиҳага доир холис ва асосли маълумотларга жамоатчилик диққатини қаратишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди», — дейилади хабарда.

Амалдаги «Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.

Адлия вазирлиги лойиҳада қандайдир талаблар кенгайтирилиб, тилдан фойдаланишда янги чекловлар киритилмаётгани, фақатгина амалдаги қонуннинг қоида ва талаблари ҳисобга олинганини таъкидлади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини қамраб олиб, қонун қабул қилинган тақдирда тегишли равишда маъмурий жавобгарлик фақатгина мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси мансабдор шахсларнинг қонун талабларига риоя этиши бўйича масъулиятини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари ишида давлат тилидан тўлақонли фойдаланилишини таъминлашга қаратилган.

Янада аниқроғи, вазирликнинг маълум қилишича, қонун лойиҳаси ҳеч қандай йўл билан республика ҳудудида истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг она тилидан фойдаланиш, миллатлараро мулоқот ва таълим олиш тилини ўз хоҳишига қараб танлаш, ўз тилида давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқларини поймол қилмайди.

Адлия вазирлиги ОАВ, блогерлар шунингдек бошқа манфаатдор шахсларни лойиҳани ўзларича талқин қилиб, жамоатчилик фикрини нотўғри ўзанга буришга ҳаракат қилмасликларини, Ўзбекистон жамоатчилиги олдидаги жавобгарликни унутмасликка даъват этди.