Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан навбатдаги 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганлар Чироқчи туманида яшовчи опа-сингиллар бўлиб, каттаси 16 ёшда бўлса, кичиги 11 ёшда. Улар коронавирус инфекциясига чалинган укаси билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатмоқда.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 563 нафарни ташкил этмоқда.

Аввалроқ 24 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1778 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.