Марказий банк ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокамадан олинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Солиқ қўмитаси ва Марказий банкнинг қўшма қарори лойиҳаси эълон қилинган эди. Ундаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қўшма қарори лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан танқид остига олинган.

Олий Мажлис Сенати низомдаги меъёрлар Солиқ кодексида белгиланган меъёрларга мувофиқ қайта ишлаб чиқилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Низом лойиҳасиша кўра, жисмоний шахсларнинг пластик карталаридаги пул айланмаси ойлик 30 млн сўмдан ошса ёки 10 маротабадан кўпроқ P2P пул ўтказмалари амалга оширилган бўлса, ушбу ҳисобварақалар ҳақидаги маълумот тижорат банклари томонидан ДСҚга узатилиши белгиланиши кутилаётган эди.

14 апрель куни Давлат солиқ қўмитасининг раис ўринбосари имзоси билан Сенатга хат йўлланган. Маълум бўлишича, махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар ижро муддати икки ойга узайтирилган. Шунингдек, таклифлар ҳамда эътирозларни инобатга олиниб, Низом лойиҳаси муҳокамадан чиқарилган.

«Албатта, Олий Мажлис Сенати Давлат солиқ қўмитасининг танқид, таклиф ва эътирозларга тўғри муносабатда бўлганлигини ижобий баҳолайди. Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳаси ва шу каби тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларига дахлдор барча меъёрий ҳужжатлар доимий назорат остида бўлишини билдиради», — дейилади Сенат хабарида.