6 апрель соат 09:00 ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусқа чалинган икки бемор аниқланган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Нукус шаҳрида яшаётган бир эркак киши ва унинг онаси «COVID-19» инфекциясига гумонланиб, Республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Уларнинг аҳволи ўртача даражада дея баҳоланмоқда.

Маълум бўлишича эркак киши иш юзасидан 14 март куни Тошкент шаҳрида бўлган. Улардан тегишли таҳлиллар олиниб, Республика санитария эпидемиологик осойишталик марказининг вирусология лабораториясига ва Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-амалий текшириш институтига юборилган. 5 апрель санасида тунда таҳлил натижалари ушбу икки фуқарода коронавирус касаллиги бор эканлигини тасдиқлади.

Хабарда беморлар билан мулоқатда бўлган кишилар эпидемиологик текширувга олиниб, улар ҳам карантинга олинганлиги айтилмоқда.