Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторига қўшимча ёрдам кўрсатиш учун 40 млн евро миқдорида молиялаштириш ўғрисидаги битимни имзолади.

«Кўзда тутилаётган ҳаракатлар фермер хўжаликлари ва агрокорхоналарга ёрдам кўрсатиш учун давлат хизматларини кучайтиришга қаратилган 2020−2030 йилларда агроозиқ-овқат секторини ривожлантириш давлат стратегиясини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашни кўзда тутади», — дейилади ЕИ сайтидаги хабарда.

ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуардс Стипрайс мазкур бюджет ёрдами Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва мамлакат ҳукуматига секторни модернизация қилиш ва ислоҳотларни тезлаштиришга ёрдам беришини таъкидлади.

2020−2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ўтган йилнинг октябрида қабул қилинган эди. Унинг мақсади — қулай агробизнес муҳтини яратиш, давлатнинг соҳадаги ролини камайтириш, илмий ютуқлар ва рақамли технологияларни амалга жорий этишни кенгайтиришдан иборат.