Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов душанба куни шаҳарнинг янги сайланган халқ депутатлари шаҳар кенгаши сессиясида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «етакчи раҳбар ва замонавий менежер» деб атади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Аввалроқ амалдаги ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тақдимномасига биноан пойтахт маъмурияти раҳбари лавозимига қайта тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.

Давлат раҳбарининг тақдимотини бош вазир Абдулла Арипов ўқиб берди. Кенгашда вакиллик қилган барча партиялар унинг номзодини қўллаб-қувватладилар.

«Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1975 йилда туғилган. Олий маълумотли, 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. У ҳозирги лавозимида 2018 йил декабридан бери ишлайди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев иқтисодиёт ва қурилиш соҳасида етарлича тажриба тўплаган, замонавий тафаккурга эга етакчи кадрлардан», — деди у.

Бевосита Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлигида Тошкентда Tashkent City мажмуаси, президент мактаби, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, математик фанлари мактаби барпо этилди, Olmazor Business City ва Yunusobod Business City марказлари, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони барпо этилмоқда, дейилади тақдимномада.

Биргина 2019 йилнинг ўзида 16590 хонадонли 371 кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. 1 миллиард 946 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, умумий қиймати 420 миллион доллар бўлган 151 лойиҳа амалга оширилди. Пойтахт корхоналари томонидан 247 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди — бу кўрсаткич 9,7 фоизга оширилди. Йил якунлари бўйича маҳаллий бюджетга тушумлар 6,7 трлн сўмдан ошди, бюджетнинг даромад қисми бўйича режа 743 млрд сўмга оширилди.

«Ўтган давр мобайнида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзини мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мақсадларини тушунадиган ва аниқ вазифаларни самарали бажаришга қодир бўлган фидойи ва ташаббускор раҳбар сифатида намоён этди», — дея ўқиб эшиттирди бош вазир Президент администратсияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов томонидан имзоланган тақдимномадан.

Абдулла Арипов Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «замонавий фикрлайдиган, ишини замонавий даражада ташкил қила оладиган, келажакни кўра оладиган етакчи раҳбар ва замонавий менежер» деб атади.

«Унинг раҳбарлиги остида Тошкентнинг замонавий замонавий қиёфаси пайдо бўлди. Қисқа вақт ичида янги бино ва иншоотлар юқори сифатда барпо этилди. Лойиғини беришимиз керак. Чунки илгари бино ва иншоотлар тез ва шошма-шошарлик билан қурилар, кейин бир мунча вақт ўтгач [охирига етказиб қўйиш учун] қурувчиларни юборишга тўғри келар эди. Жаҳонгир Абидович иштирокида ёки бошчилигида қурилган бино ва иншоотларда эса фойдаланишга топширилгандан сўнг, камчиликларни текшириш ёки йўқ қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки бу киши ишни мукаммал савияга олиб чиқади», — дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.

Бош вазир Тошкент ҳокими томонидан асос солинган компаниялар муваффақияти тўғрисида бир нечта мисоллар келтирди.

«Озарбайжонга ташрифимиз чоғида энг замонавий меҳмонхонанинг турли хоналарида Жаҳонгир Артйххўжаев томонидан асос солинган Artel компаниясининг маиший жиҳозлари борлигига гувоҳ бўлдик. Нафақат Озарбайжонда, балки Қозоғистонда, Россияда ҳам… Президент номидан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташриф буюрганимизда, у ерда барча эълонлар араб тилида ёзилган эди, мен лотин алифбосидаги учта реклама — Akfa, Artel ва Crafers рекламаларини кўрдим. Жаҳонгир Абидович қайси соҳада бўлмасин, барчасини юқори савияда бажаради», — деди у.

Абдулла Арипов, шунингдек, президентнинг Тошкентни ободонлаштириш ҳақидаги топшириғига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, ишлаб чиқариш корхоналарини пойтахтнинг чеккасига кўчириш, шаҳарнинг ўзида эса «аҳолига юқори даромад ва маош берадиган» хизмат кўрсатувчи компаниялар сонини кўпайтириш режалаштирилган.

«Жаҳонгир Абидович ушбу жараённи амалга ошириш учун тўғри ёндашувни танлади. У шошилмади, яхши тавсиялар берадиган соҳадаги яхши мутахассисларни таклиф қилди. Масалан, Cushman & Wakefield ва PricewaterhouseCoopers консалтинг компаниялари. Президентнинг Тошкент [объектлари]га ташрифи чоғида ушбу масалалар бўйича ҳисобот тақдим этилди, муҳтарам президент ушбу ғояларни қўллаб-қувватлади», — деди у.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, президент Тошкентни нафақат Марказий Осиёда, балки минтақадаги энг йирик марказлардан бирига айлантириш бўйича таклифлар билан танишган ва қўллаб-қувватлаган.

«Мана, кўчанинг нариги томонида Tashkent City, бундан икки йил олдин президент бу ерга келиб, лойиҳани бошлаганида ҳеч ким ишонмаган. Дастлаб, Жаҳонгир Абидович, у ҳали ҳам тадбиркор бўлиб ишлаётган пайтда, Tashkent City қурилиш дирекциясининг бошлиғи этиб тайинланди. Қурилишнинг биринчи босқичи ўз вақтида ва юқори даражада якунланди. Сизнинг эътиборингизни янги йил арафасида ўрнатилган махсус камералар томонидан Tashkent Cityга 900 мингдан ортиқ киши ташриф буюрганини қайд этилганига қаратмоқчиман. Яъни, Жаҳонгир Абидовичнинг меҳнати натижасида одамлар бемалол кўчага чиқишлари ва кўчаларда сайр қилишлари учун қулайликлар яратилган», — деди бош вазир.