Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олмаота шаҳрида рўй берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга таъзия мактуби йўллади.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг барчаси тез фурсатда соғайиб кетишини тилади, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Авиаҳалокат 27 декабрь куни эрталаб Олмаота яқинида содир бўлди. Bek Air авиакомпаниясининг «Олмаота — Нур-Султон» рейси самолёти ҳаво кўтарилаётганда баландликни йўқотиб, турар жой ҳудудига қулаб тушди. Самолёт бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 93 нафар йўловчи бўлган. 12 киши ҳаётдан кўз юмди, 49 киши жароҳатланди.

28 декабрь куни Қозоғистонда умуммиллий мотам деб эълон қилинди.