27 декабрь куни соат 7:22да Bek Air авиакомпаниясининг Z2100 рейси билан «Олмаота — Нур-Султон» йўналиши бўйича парвоз қилаётган Fokker 100 самолёти парвоз пайтида радарлардан ғойиб бўлди, деб хабар берди Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигининг Фуқаро авиацияси қўмитаси.

Бортида 95 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган самолёт баландликни йўқотиб, аэропорт ташқарисида икки қаватли бино билан тўқнашди. Ёнгиғ содир бўлмаган. Айни пайтда, тахминан 9 кишининг вафот этгани маълум.

Йўловчилар ва самолёт экипажи эвакуация қилинди. Қозоғистон бош вазири топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилган.

Авария тафсилотлари аниқланмагунча, ушбу турдаги самолётларнинг парвозлари вақтинча тўхтатилади.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Токаев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Жабрланганларга ёрдам кўрсатилади… Барча айбдорлар қонунга мувофиқ қаттиқ жазоланади», — деб ёзди у Twitter саҳифасида.

Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти мазкур авиаҳалокатда жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқароларининг йўқлигини хабар қилди.