Тошкентда «Mushukkent» лойиҳаси доирасида илк мушуклар учун уйча жойлаштирилди. Ғоя «Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти, «Ҳаёт» уйсиз ҳайвонлар учун бошпана ва кўнгиллилар томонидан пойтахт ИИББ кўмагида амалга оширилмоқда.

Биринчи мушуклар уйчаси якшанба куни Яшаш жойи бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази ва маъмурий қамоқни ўташ муассасаси яқинига жойлаштирилди. Тез орада бутун Тошкент бўйлаб 78 та ички ишлар бўлимлари яқинида жониворлар учун уйчалар ўрнатилади.

«Биз хавфсиз шаҳарда яшашни, меҳрибон ва раҳмдил ёшлар орасида кексайишни хоҳлаймиз. Умуман олганда, жамият учун бу жуда муҳим», — деб ёзади мушуклар уйчаларини қуриш ташкилотчилари ўзларининг Файсбук саҳифасида.

78 та мушуклар уйчаларини қуришни реабилитация маркази яшовчилари ўз зиммаларига олишди. Улардан баъзилари «Ҳаёт» уйсиз ҳайвонлар бошпанасида икки ойдан кўпроқ вақтдан бери ишлаб келмоқда. Мазкур лойиҳа яшаш жойи бўлмаган шахсларни жониворлар билан мулоқот қилиш йўли орқали реабилитация қилиш мақсадида йўлга қўйилган. Мушук уйчаларининг қурилиши, шунингдек, уйсиз одамларни ижтимоийлаштириш воситаларидан бири бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди ИИББ.