Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунларига кўра Касби тумани ИИБ бошлиғи подполковник Чори Кучаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.

ИИБнинг собиқ бошлиғига нисбатан хизмат текшируви 24 июль куни ижтимоий тармоқларда фермерлар билан боғлиқ видеоёзувлар тарқалганидан сўнг бошланган эди. Ушбу видеоёзувларнинг бирида фермер ИИБ ходимлари билан баҳслашган бўлса, иккинчисида фермерларнинг автобусга қамалиши акс этган эди. Қашқадарё вилояти прокуратураси ҳам терговга қадар текширув ўтказаётгани хабар қилинди.

Ҳар икки ҳодиса ҳам ердан самарали фойдаланиш бўйича семинар билан боғлиқ. Биринчи ҳолатда ИИБ ходимлари даласига капалак қўйиш учун семинарга ўз вакилини юборган фермерни олиб келиш учун келган бўлса, иккинчисида семинарга келган фермер хўжаликлари ходимлари ва мироблар қўлига кишан солиниб, икки соат автобусга қамаб қўйилади.