Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида нутқ сўзлар экан, 25 май куни Яқин Шарқдаги можаро ўчоқларида бўлиб турган аёллар ва болаларни олиб келиш учун Ўзбекистон томонидан юборилган самолётни ўққа тутиш билан таҳдид қилинди, дея маълумот берди. Самолёт Туркия билан чегарадан қайтди ва Бокуга қўнди.

«Биз томонимизда юборилган самолёт ортга қайтарилди. Менга қўнғироқ қилиб „Самолётни қайтар, ёки биз ўт очамиз“, дейишди. Мен ҳаво лайнерини Озарбайжонга қўндириш ҳақида топшириқ бердим», — деди Шавкат Мирзиёев.

30 май куни Дамашқдан парвозни амалга оширган иккинчи махсус рейс омадли бўлди — 156 нафар фуқаро, жумладан 48 аёл, 106 нафар бола ва бир эркак киши Ўзбекистонга олиб келинди.

Президентнинг билдиришича, ватандошлар вақтинча бўлиб турган жойга йўналтирилган бешта автобуснинг фақат иккитаси одамлар билан қайтди. «Аёлларнинг катта қисмини беришмади», — деди давлат раҳбари.

«Бу аёллар нега кетди, нима излаб кетди? Қандай сабаб билан? Мен парламентдан улар билан ишлаш масаласи бўйича таклиф кутган эдим. Бироқ ҳеч кимдан ҳеч қандай таклиф келмади», — деди Шавкат Мирзиёев.