Ҳукуматнинг 2019 йил 3 июндаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларга қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, чет элдаги ватандошларга тегишли оммавий ахборот воситаларининг доимий хорижий мухбирини аккредитация қилиш тўғрисидаги қарор Ташқи ишлар вазирлигига ариза берилган вақтдан бошлаб 5 иш кунида қабул қилинади.

Мазкур қарорни қабул қилиш учун Ўзбекистоннинг чел элдаги ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг тавсияномаси асос бўлади.

Бунда, аккредитация олиш учун асосий ҳужжатларга қўшимча равишда хорижий ОАВ таъсисчиси ва унинг молиялаштириш манбалари ҳақида маълумот ҳам тақдим этилади.