Жорий йилнинг 5−10 май кунлари Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари ва идораларининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига ушбу мамлакатнинг «Хавфсиз шаҳар» интеграциялашган тизимини ўрганиш мақсадида сафар қилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Ишчи гуруҳ аъзоларига мезбонлар «Ақлли полиция участкаси» тизимининг содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдиндан аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида кибержиноятчиликка қарши курашиш имкониятларини, полиция томонидан онлайн режимида ёрдам кўрсатиш учун мобиль иловаларни, «Уйун» тизимининг бошқарув марказини, «SmartPoliceStation» фаолиятини ва мобиль иловаларнинг функцияларини намойиш этишди.

Ўзбекистон вакиллари Дубай полициясининг «Ақлли полиция участкаси"да бўлиб, ушбу участкада қандай хизматлар кўрсатилиши, Дубай полициясининг аҳолига ва сайёҳларга кўмаклашиш учун мўлжалланган мобил иловалари билан танишди. Қайд этилишича, мобил иловалар орқали 125 турдаги давлат хизмати кўрсатилар экан.

«Ақлли полиция участкаси"га келган фуқаро эса энг фаол 25 та сервисдан фойдалана олади. Шунингдек, «Ақлли шаҳар полиция бўлими» яратиш борасида эришилган ютуқлар намойиш этилди. Бунинг натижасида ходимлар сони 251 нафардан 57 нафаргача қисқартирилгани таъкидланди. Келажакда бўлимдаги ходимлар сони 4 нафаргача қисқартирилиб, бўш қолган ходимлар Дубай шаҳри аҳолиси ва туристлар билан ишлашга сафарбар этилиши айтилди.

Делегациямиз аъзолари, шунингдек, Дубай полицияси марказий офисига ҳам ташриф буюришди. Бу ерда уларга ситуацион марказ, маълумотларни ишлаш маркази, тезкор ходимларнинг иш жойлари ва бошқа диққатга сазовор, муҳим жиҳатлар намойиш этилди.

Ўзбекистон делегацияси Дубай полициясининг офицерлар клубида ҳам бўлди. Ташриф чоғида Тошкент шаҳрида «Ақлли полиция участкаси» ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бундан ташқари, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш доирасида икки томоннинг бундан кейинги ҳамкорлиги «Йўл харитаси"нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, яқин уч йилга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.