Ўзбекистон мудофаа вазирининг ташаббуси билан 27−28 апрель дам олиш кунлари барча ҳарбий округ ва ҳарбий қисмларнинг ҳарбий хизматчилари 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ҳашар акциясида фаол иштирок этди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.Хусусан, Андижон вилоятида жойлашган ҳарбий қисм хизматчилари Жалақудуқ туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 99 ёшли Абдували ота Усмонов хонадонини ободонлаштиришга кўмаклашган бўлса, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар тумандаги Мотамсаро она ҳайкали атрофини обод қилишди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги «Биродарлик қабристони» мажмуаси, Бекобод шаҳрида жойлашган Биродарлик кабристони, Саховат уйи ва 15-сонли имконияти чекланган болалар мактаби, пойтахтдаги Мирзо Улуғбек туманига қарашли масжид ва қабристонлар ҳам ҳарбий хизматчилар томонидан ҳашар йўли билан тозаланди.