Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси аҳолини чиқиндиларни саралашга рағбатлантириш учун Clean City лойиҳасини тайёрламоқда, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Лойиҳа 23 апрель куни маиший қаттиқ чиқиндиларни бошқариш соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар учун ташкил этилган давра суҳбатида Экология қўмитасининг абонент хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва биллинг тизимини жорий этиш бўлими бошлиғи Даврон Абдуллаев томонидан тақдим этилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, лойиҳа чиқиндиларни қайта ишлаш заводларнинг сараланган чиқиндиларни қабул қилиш пунктларини очишни кўзда тутади. Тизимни бир ой ичида ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Қабул пунктларига сараланган чиқиндиларни топширган фуқароларга ID-карталар тақдим этилади. Ушбу карталарга топширилган ҳар бир килограмм чиқинди учун пул тўлови туширилади, маблағларни эса лойиҳа ҳамкорларининг савдо шохобчаларида сарфлаш мумкин бўлади.

Лойиҳани қаттиқ маиший чиқиндилар борасидаги кластерлар ва чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари қўллаб-қувватлади. Улар ўртасида ўз вақтида сараланган чиқиндиларни етказиб берувчиларга нақд ёки пул ўтказиш йўли билан тўлов қилиш масаласида баҳслар мавжуд эди. Бугунги кунда чиқиндиларни саралаш билан расмий мақомга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахслар шуғулланмоқда. Шу сабабдан соҳада қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қочишга имконият туғдирувчи «соядаги иқтисодиёт» катта устунликка эга эди.

Даврон Абдуллаевнинг таъкидлашича, тизим чиқиндиларни саралаб қабул қилувчи ва уларни қайта ишловчилар ўртасидаги оралиқни олиб ташлашга имкон беради. Лойиҳа ҳар бир тур бўйича йиғилган чиқиндилар миқдори ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул пунктларига топширган жисоний шахслар даромадлари бўйича шаффоф ҳисоб-китоб юритилишига имкон туғдиради.