Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировка қилиш тизими жорий этилиши мумкин. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббуси билан президентнинг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

2019−2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарларнинг ихтиёрий экологик маркировка қилиш стандартларини ишлаб чиқиш жадвалини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Бундай тизим фуқароларни товарлар, хизматлар, технологик жараёнларнинг хусусиятларидан хабардорлигини таъминлаш, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарлар ва хизматларнинг, уларнинг экологик хавфсизлигини кафолатлаш ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш ҳамда босқичма-босқич ушбу соҳадаги ISO 14000 (Халқаро стандартлаштириш ташкилоти) халқаро стандартига ўтиш мақсадида жорий этилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига ва биологик ресурсларга энг кам зарарли таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар ихтиёрий экологик маркировка қилиш учун объект бўлиб ҳисобланади.

Маҳсулотни ихтиёрий экологик маркировкалаш сертификатини олганларидан сўнг ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини «экологик хавфсиз товар» белгисии билан маркировка қилиши мумкин.

Манба: Экология қўмитаси

Товарни ихтиёрий экологик маркировкалаш сертификати бўлмаган ҳолларда номлашда, қадоқлашда, товарни йўлланма ҳужжатларида ва товар рекламасида «органик», «эко», «био» ва шунга ўхшаш сўзлар ишлатилиши тақиқланади.

Дори воситалари, ветеринария препаратлари, тиббий асбоблар, давлат меъёрлари ва стандартларига мувофиқ заҳарли, мутаген, канцероген, атроф-муҳит учун хавфли деб таснифланган моддалар, препаратлар ва аралашмалар мавжуд бўлган маҳсулотлар ихтиёрий экологик маркировкалашдан ўтказилмайди.

Ихтиёрий экологик маркировка қилиш соҳасида ишларни ташкил этишга ваколатли орган этиб, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси белгиланади.

Лойиҳа юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни 19 мартга қадар юбориш мумкин.