Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари билан ҳамкорликда сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний олиб кирилишига доир яна бир божхона қоидабузарлигини фош этишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган тезкор тадбирда, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Мамай қишлоғидаги айланма йўлда тўхтаб турган фуқаро Э.Б. бошқарувидаги қўшни давлат рақамига эга бўлган «ВАЗ-2106» русумли автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Кўздан кечириш натижасида автомашина аслида Ўзбекистон Республикаси давлат рақамига эга эканлиги ҳамда унинг салони ва юкхона қисмида муқаддам қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган, қиймати 7,5 миллион сўмлик банан ва ноклар ҳамда энергетик ичимликлар ортилгани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.