Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиалларида 2018−2019 ўқув йилидан бошлаб АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди. «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарорида бу ҳақда сўз боради.

Бундан кўзланган мақсад — ўқув жараёнига дунё олий ўқув юртларида кенг тарқалган ўқитишнинг кредит тизимини жорий қилиш орқали университетнинг жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари қаторига киритилишини таъминлашдан иборат.

Ўқитишнинг кредит тизимида талабанинг ўзлаштириш даражаси маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.

Йиғиладиган умумий кредитлар талабанинг дарслардаги фаол иштироки, муайян ўқув курси давомида олинган тест натижалари, илмий изланишлар, оғзаки ва ёзма имтиҳонлар, амалиёт натижалари асосида белгиланади.

Ўқитишнинг кредит тизимининг асосий афзалликлари:

  • талаба таълим жараёни даврида чет эл ўқув юртларида ёки ўзга таълим юртида таҳсил олиб, сўнгра ўқишни давом эттира олиши мумкин;
  • ўқув жараёнида чет эл ўқув юртлари ва ташқи муассасалардан малакали мутахассислар жалб этилади;
  • чет эл олий таълим муассасалари амалиётидан келиб чиққан ҳолда ўқув дастурларини ишлаб чиқилади;
  • талабалар истагидан келиб чиққан ҳолда фан танлаш имкониятига эга бўлади ваҳоказо.