Президентнинг 24 мартдаги қарори билан Ўзбекистонга импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин мажбурий инспекциядан ўтказиш тартиботи бекор қилинди. Ҳужжат ташқи савдони янада эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун тенг ва қулай шароитлар яратиш, шунингдек, савдо операцияларини амалга оширишда ортиқча тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинди.

Эндиликда импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш ихтиёрий асосда амалга оширилади. Инспекциядан ўтказиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига ваколатли орган томонидан халқаро стандартлар талабларига мувофиқ аккредитация қилинган инспекция органлари эга.

Ўзбекистонга импорт қилинадиган товарлар сифати, миқдори ва нархларининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда рўйхатдан ўтган импорт контрактлари шартларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш учун жавобгарлик импорт қилувчининг мансабдор шахслари зиммасига юклатилади.

Давлат божхона хизмати органлари марказда рўйхатдан ўтган импорт контрактлари доирасида эркин муомалага чиқарилган товарларнинг миқдори ва нархлари ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда Марказга тақдим этади.

Давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек, тижорат банкларига юк ортишдан олдин инспекцияни ўтказувчи инспекция органини танлаш ҳақида импорт қилувчиларга тавсиялар бериш тақиқланди.

Марказ фаолияти соҳаси татбиқ этиладиган товарлар, ишлар ва хизматлар харидларини ўтказиш (харид тартиботларини бажариш, реклама ишларини ташкил этиш, тендер ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқалар) бўйича ихтисослашган ташкилотни танлаш Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ўрнатиладиган талабларга жавоб берадиган ихтисослашган ташкилотлар орасидан танлов асосида амалга оширилади.