Ўзбекистонда 2017 йилнинг декабрь ойида товар ва хизматларнинг истеъмол нархи (истеъмол нархлар индекси, ИНИ) ўртача 2,7 фоизга, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари — 4,4 фоиз, ноозиқ товарлар — 1,8 фоиз ва хизматлар нархи — 0,8 фоизга ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси Нархлар статистикаси бошқармаси хабар қилди.
Йилнинг сўнгги ойида асосий инфляцион омил (таъсир улуши — 70,2 фоиз) озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши бўлди (ноозиқ товарлар — 23,5 фоиз, хизматлар — 6,3 фоиз).
Ўтган ойда энг кўп мева ва сабзавотлар 14,2 фоиз), ёрма ва дуккакли ўсимликлар (10,3 фоиз), тухум (7,3 фоиз) қимматлашди. Ун — 3,9 фоиз, сут маҳсулотлари — 3 фоиз, шакар, чой ва ширинликлар — 2,4 фоиз, ёғ-мой — 2 фоиз, гўшт, парранда ва балиқ — 1,3 фоизга қимматлашди.
Асосий истеъмол товарлари нархи ўсиши манзарасида сабзи — 15,9 фоиз, карам — 5,9 фоиз, мош — 4,7 фоиз, уй паррандалари гўшти — 4,5 фоизга арзонлашди.
Ноозиқ товарлар нархи ҳам 2016 йил декабридаги 0,8 фоиз ўрнига 1,8 фоизга ўсди. Умумий ўсишнинг 75 фоизи кийим-кечаклар — 3,1 фоиз, шахсий гигиена товарлари — 2,6 фоиз, маиший тўқимачилик — 2,3 фоиз, оёқ кийимлари — 2,2 фоиз, қурилиш материаллари — 1,8 фоиз ҳиссасига тўғри келди.
Декабрда аҳолига пулли хизмат кўрсатиш 0,8 фоизга (2016 йил декабрида — 0,3 фоиз) қимматлашди. Ўсишга ҳуқуқий характердаги ва банк хизматлари нархининг 15 фоизга ўсгани асосий таъсир кўрсатди.