Вазирлар Маҳкамаси 29 декабрдаги қарори билан аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун суюлтирилган газга ягона чакана нарх босқичма-босқич жорий этилишини тасдиқлади.
1 апрелдан бошлаб мазкур турдаги ёқилғининг бир килограми Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси учун 500 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятлари учун — 700 сўм, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти учун — 720 сўм этиб белгиланди.
1 августдан бир килограмм суюлтирилган газ нархи бутун Ўзбекистон бўйича бир хиллаштирилиб, 800 сўмни ташкил этади.

Norma.uz маълумотига кўра, аввал, 1994 йил 1 октябрдан табиий газни сотишда эркин нархлар қўлланилган.

Ҳужжат Ўзбекистон Президентининг «Валюта бозорини либераллаштириш шароитида иқтисодиётнинг базавий тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ҳамда аҳолига суюлтирилган газни сотиш ва етказиб беришда талон-тарожликлар ва суиистеъмолликларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинди.