Олий Лига 25-тур доирасидаги «Бухоро» (Бухоро) ҳамда «Пахтакор» (Тошкент) клублари ўртасидаги учрашувда юзага келган низоли вазиятлар сабабли «Бухоро» футбол клуби 55 млн сўм миқдорида жаримага тортилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати.

«Олий Лига 25-тури доирасидаги „Бухоро“ — „Пахтакор“ учрашувида юз берган можароли вазиятлар юзасидан ЎзПФЛ йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда, „Бухоро"-"Пахтакор“ учрашувида юзага келган низоли вазиятлар, яъни футбол учрашуви вақтидаги тартибнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, „Бухоро“ футбол клуби расмий ходимларининг белгиланган тартиб-интизом ва қоидаларга тўлиқ риоя этмаганлиги, шунингдек, учрашув расмийларининг хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаганлиги каби ҳолатлар ўрганиб чиқилди», — дейилади хабарда.

«Пахтакор» ҳужумчиси Игорь Сергеев алмаштирилаётган вақтда стадион сухандони Ўзбекистон термасининг собиқ мураббийи Самвел Бабаянга ишора қилган ҳолда уни «Игорь Бабаян» деб атаган.

Мажлисда видеоёзувлар, учрашув назоратчиси ҳамда ЎзПФЛ вакилининг билдиргисига асосан «Бухоро» клубига нисбатан 55 млн сўм миқдорида жарима қўллаш ҳақида қарор қилинди. Шунингдек, клуб бу каби ҳодисалар такрорланган тақдирда янада қатъий санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.