2017 йилги пахта хом ашёсини қўлда терганлик учун меҳнатга тўлов бўйича 1 кг га 450 сўм этиб белгиланган тариф ставкаси 1 октябрдан 500 сўмга оширилади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг 14 сентябрдаги 2017 йилги пахта хом ашё ҳосилини харид қилиш нархлари тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган. Ўтган йили тариф 285 сўмни ташкил этган.

Мамлакатнинг қатор ҳудудларида пахта териш машиналаридан фойдаланиш бошлангани ҳисобга олиниб, машина терими учун 1 тоннага 260 минг сўмлик тариф белгиланди.

Фермер хўжаликларига теримчиларга ҳар беш кунда, зарурат туғилганида эса ҳар куни топширилган пахта хом ашёси учун тўловларни амалга ошириб бориш тавсия қилинди.

Қарорда хабар қилинишича, жойларда энг камида 100 кишидан иборат теримчилар отрядлари ташкил этилмоқда.

Отрядлар раҳбарлари пахта терими даврида «Ўзпахтасаноат» компанияси пахта тозалаш ташкилотлари билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишга қабул қилинади. Отрядлар раҳбарларига иш ҳақини ўз вақтида тўлаш учун «Агробанк"ка 45 млрд сўм миқдорда кредитлар ажратиш топширилди.

Қайд этиш жоизки, 22 сентябрь куни пахта теримига жалб қилинган ОТМлар талабалари ҳамда таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ўқиш ва иш жойларига қайтарилган эди.