Ўзбекистонлик астрономлар 25 май куни Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Майданак обсерваториясида ўта янги юлдузни чақнашини қайд этишди. Бу ҳақда Фанлар академияси сайтида хабар қилинди.

Чақнаш Етти қароқчи юлдуз туркумидаги NGC 3938 рақамли спираль галлактикада рўй берди. SN 2017ein рақами берилган ўта янги юлдуз Майданак обсерваториясида дунёнинг етакчи обсерваториялари билан ҳамкорликда яқин галлактикалар мониторинги дастури доирасида аниқланди.

Ўзбекистон астрономлари мазкур юлдуз чақноғидаги ўзгаришларни батафсил ўрганиш мақсадида SN 2017ein устидан мунтазам равишда кузатувларни давом эттирмоқда.

Айрим юлдузлар ўз ривожланишининг сўнгги босқичида портлайди. Бу пайтда юлдуз ичидаги қизиб турган катта миқдордаги моддалар ташқарига отилиб чиқади. Унинг ўрнида Ердан туриб кўриш қийин бўлган ёки кузатиш деярли имконсиз ёрқин юлдуз пайдо бўлади.

Бу каби ҳодисаларнинг чуқур ўрганилиши дунёнинг яратилиши ҳақидаги фундаментал саволларга жавоб олишга имкон яратади. Қолдиқ вазнига боғлиқ равишда портлаган юлдузлар ўрнида нейтрон юлдузлар ёки қора туйнук пайдо бўлиши мумкин, дея қайд этилади ФА сайтида.