Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 майдаги қарори билан Тошкентдаги халқаро аэропортга Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилди.

Ҳужжат билан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида халқаро аэропорти инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг ҳар томонлама тайёрланишини ва асосланишини таъминлаш билан шуғулланувчи махсус комиссия ташкил этилди.

Бош вазир «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади.

Дастурда қуйидаги устувор вазифаларни бажариш ўз аксини топиши белгиланган:

режим-қўриқлаш чора-тадбирлари тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, аэропортда замонавий, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига йўловчиларнинг божхона, чегара ва иммиграция тартиботларидан ўтиш вақтини қисқартириш;

мавжуд таркибни танқидий таҳлил қилиш ҳамда божхона, чегара ва иммиграция хизматлари, ички ишлар органлари ва аэропортда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ходимлари барча тоифаларини танлашга нисбатан талабчанликни ошириш, улар томонидан хизмат ваколатларининг ҳар қандай тарзда суиистеъмол қилинишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш;

пойтахтга ва республикага келадиган йўловчилар, меҳмонлар ва хорижий делегацияларга хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини таъминлаш, Ўзбекистоннинг бош ҳаво бандаргоҳида ўзбек халқига қадимдан хос бўлган самимий илтифот ва меҳмондўстлик муҳитини яратиш;

зарур қулай шарт-шароитларни яратишни назарда тутган ҳолда аэропортнинг тегишли инфратузилма хизматлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг багажи билан ишлашнинг технологик жараёнини оптималлаштириш;

кузатиб қолувчилар ва кутиб олувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, махсус ажратилган ҳудудда автотранспортлар тўхташ жойларини ташкил этиш, ободонлаштириш масалаларини комплекс ҳал этиш;

аэропортнинг барча хизматлари фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш, шунингдек, йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг янада қулай шарт-шароитларини яратиш учун илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш.