«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси (МАК) парки биринчи Boeing 787−8 Dreamliner самолёти билан тўлди. 31 август куни Тошкент аэропортида Ўзбекистон байроғи рангида бўялган «Орзулар лайнери"ни кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» учувчиларидан иборат лайнер экипажи Сиэтлдан 11 ярим соатдан камроқ муддат давомида парвозни амалга оширди.

Dreamliner`нинг Тошкентга етиб келиши Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Яқин кунларда иккинчи Dreamliner ҳам етказиб берилади.

Dreamliner камроқ шовқин чиқариб, кам ёнилғи сарфлаши билан ажралиб турувчи янги турдаги двигатель билан таъминланган. Самолёт денгиз сатҳидан нисбатан пастроқ баландликда парвоз қилиб, кўплаб бошқа ўзига хосликларга эга.

Самолёт корпусининг 50 фоизи композит, 20 фоизи эса алюмин материаллардан таркиб топган. Лайнер GE Aviation томонидан ишлаб чиқарилган GEnx-1B двигателлари билан таъминланган бўлиб, самолёт ишлаб чиқарадиган ташқи шовқин аввалги Boeing моделларига нисбатан 2 баробар кам.

Салоннинг ички диаметри Boeing 767 га нисбатан 1 метр каттароқ. Кенг ўриндиқлар, янги пол қопламаси, ёритиш ва шовқиндан ҳимоя парвоз давомида ёқимли туйғуларни тақдим этади. Янги турдаги материаллардан фойдаланиш ҳисобига салонларда йўловчилар сиғими ортиб, ўриндиқлар сони 246 тага етказилган. Салон ҳаво намлагичлари, йўловчилар учун индивидуал экранлар ва йирик мониторлар билан ҳам таъминланган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва Boeing Ўзбекистонга биринчи Boeing 767 етиб келган 1996 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунда Миллий авиакомпания паркида улар сони 10 дан зиёдни ташкил этади. Январда Тошкентда минтақада ягона бўлган самолёт конструкцияларининг композит материаллардан бўлган йирик қисмларини таъмирлаш бўйича марказ иш бошлади. 2012 йилда Dreamliner лайнери Dream Tour жаҳон тақдимот саёҳати доирасида Тошкентга ҳам қўниб ўтган эди.

Фото