Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази «Бизнесни бошқариш магистри» («Master of Business Administration — MBA») мутахассислиги бўйича 2016/17 ўқув йиллари учун магистратурага қабул тўғрисида эълон қилди.

Ўқиш кундузги шаклда икки йиллик магистратура таълим дастури бўйича контракт-тўлов асосида ташкил этилади. Битирувчиларга магистр даражаси ва давлат намунасидаги диплом берилади.

Марказдан «Газета.uz"га хабар қилинишича, таълим жаҳон андозалари бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастурлар асосида олиб борилади ва тингловчилар ўқув-амалиётларни (стажировка) Ўзбекистон ва хорижнинг етакчи компания ҳамда корпорацияларида ўташади.

Магистратурага олий маълумотли, олий таълим муассасасини битиргандан сўнг камида уч йиллик иш стажига эга 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари тест синовлари йўли билан очиқ танлов асосида қабул қилинадилар.

Тест синовлари инглиз тили, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, иқтисодиёт назарияси фанларидан ўтказилади.

Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази магистратураси тингловчилари учун ўқиш даврида улар эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва иш ҳақи сақлаб қолинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш муддати: 2016 йилнинг 20 июлидан 20 августгача. Қабул комиссияси душанбадан жума кунигача соат 9.00 дан 17.00 гача ва шанба куни соат 9.00 дан 15.00 гача Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг қуйидаги манзили бўйича фаолият кўрсатади: Тошкент шаҳри, Миробод кўчаси 25-уй.

Батафсил маълумотларни қуйидаги телефон орқали олиш мумкин: (+99871) 2390313. Веб сайт: www.cgc.uz.

Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази Президентнинг ўтган йил 24 апрелдаги қарори билан Олий бизнес мактаби базасида ташкил этилган.