Ўзбекистонда энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва уларнинг истеъмолига ижтимоий нормаларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганини маълум қилди. Қарорга мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2024−2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари ҳамда 2024 йил 1 майдан бошлаб аҳоли учун электр-энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди.

1 майдан бошлаб энергоресурслар истеъмоли учун ижтимоий норма қуйидагича:

  • электр энергиясига — ойига 200 кВт/соатгача;
  • газ (мартдан-октябргача) — 100 куб метргача;
  • газ (ноябрдан-февралгача, яъни иситиш мавсумида) — 500 куб метргача.

Энергия истеъмолининг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан сотиб олишда имтиёзли тариф қўлланиладиган энергия тушунилади. Яъни, энергия маълум бир меъёргача нисбатан паст (имтиёзли) нархда сотилади ва бу меъёрдан юқори истеъмол учун бозор нархларида сотилади.

Шу санадан энергоресурслар учун нархлар ошади.

Электроэнергия

1 майдан бошлаб электр энергияси нархи истеъмолчииларнинг I ва II гуруҳлари учун ўзгаришсиз қолдирилди (1 кВт/соат учун мос равишда 1000 сўм ва 900 сўм). Истеъмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун 1 ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб ойига:

  • 200 кВт/соатгача бўлган қисмига 225 сўмдан,
  • 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 450 сўм,
  • 1001 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 675 сўм,
  • 5001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 787,5 сўм,
  • 10 000 кВт/соат ва ундан юқори истеъмол қилган истеъмолчилар учун 900 сўмдан этиб белгиланмоқда.

Қолган маиший истеъмолчилар (аҳоли) учун эса бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб ойига:

  • 200 кВт/соатгача 450 сўмдан,
  • 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 900 сўмдан,
  • 1001 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 1350 сўм,
  • 5000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 1575 сўм,
  • 10 000 кВт/соат ва ундан ортиқ истеъмол қилувчилар учун ҳар бир кВт/соат учун 1800 сўм этиб белгиланмоқда.

Истеъмолчиларнинг VI гуруҳи учун ҳам нархлар ўзгаришсиз, яъни бир кВт/соат учун 900 сўмдан бўлиб қолади.

Табиий газ

Ноябрдан февралгача, иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир кубометри нархи

  • 500 куб метргача истеъмол учун 380 сўмдан 650 сўмгача,
  • 501 дан 2500 куб метргача 1500 сўмдан,
  • 2 501 дан 5 000 куб метргача 1950 сўмдан,
  • 5 001 дан 10 000 куб метргача 2275 сўм,
  • 10 минг куб метрдан юқори истеъмол учун 2 600 сўмдан этиб белгиланди.

Март-октябрь ойларида

  • 100 куб метргача газ истеъмоли учун тарифлар 650 сўм,
  • 101 куб метрдан 2500 куб метргача 1500 сўм,
  • 2501 куб метрдан 5000 куб метргача 1950 сўм,
  • 5001 куб метрдан 10 минг куб метргача 2275 сўм,
  • 10 минг куб метрдан ортиқ истеъмол учун 2600 сўмдан этиб белигиланди.

Ҳисоблагичлар йўқ бўлганда овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир куб метри 660 сўмдан 1200 сўмгача (+81,8 фоиз), иситиш учун 380 сўмдан 700 сўмгача (+84,2 фоиз) ошади.

Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи 1 кгга 1120 сўмдан 1600 сўмгача (+42,8 фоиз) ошади.

1 июндан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига (АГТКШ) етказиб бериладиган газ нархи 1500 сўмдан 1800 сўмгача (+12%) ошади.

Яна бир нарх ошиши

2025 йил 1 апрелдан тарифлар яна ошади. Марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун тариф ойига:

  • 200 кВт/соатгача бўлган ижтимоий норма доирасида 225 сўмдан 300 сўмгача ошади;
  • 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 500 сўм;
  • 1000 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 750 сўм;
  • 5000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 875 сўм;
  • 10 минг кВт/соатдан юқори истеъмол учун 1000 сўм этиб белгиланади.

Бошқа маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи ойига:

  • 200 кВт/соатгача истеъмол қилинганда 450 сўмдан 600 сўмгача оширилади;
  • 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 1000 сўм;
  • 1000 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 1500 сўм;
  • 5 000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 1 750 сўм,
  • 10 минг кВт/соатдан ортиқ ортиқ истеъмол учун 2 000 сўм бўлади.

IV гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергияси нархи 900 сўмдан 1000 сўмгача оширилади.

Шу санадан бошлаб барча истеъмолчилар учун 1 кубометр газ нархи 1800 сўмгача, АГТШКлар учун 2500 сўмгача, иссиқлик электр станциялари учун 1800 сўмгача оширилади.

Ноябрдан февралгача давом этувчи иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир кубометри нархи газ истеъмоли:

  • 500 куб метргача бўлганда 650 сўмдан 1000 сўмгача ошади;
  • 500 дан 2500 куб метргача бўлганда 1800 сўм;
  • 2500 дан 5000 куб метргача 2100 сўм;
  • 5 000 дан 10 000 куб метргача 2500 сўм;
  • 10 минг куб метрдан юқори истеъмол учун эса 3 000 сўмдан бўлади.

2025 йил 1 апрелдан март-октябрь ойларидаги истеъмол учун тарифлар:

  • 100 куб метргача газ истеъмол қилинганда 650 сўмдан 1000 сўмгача ошади;
  • 101 кубометрдан 2500 кубометргача 1800 сўм;
  • 2500 дан 5000 минг кубометргача 2100 сўм;
  • 5000 дан 10000 куб метргача 2500 сўм;
  • 10 минг куб метрдан юқори бўлганда 3000 сўм этиб белгиланади.

Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи 1 кг учун 2000 сўмгача оширилади.

Тарифлар либерализацияси

Охирги марта газ ва электр энергияси тарифлари 2019 йил август ойида оширилганди. Шундан сўнг расмийлар тарифларни оширишни бир неча марта кейинги қолдирди. Охирги марта 2022 йил 1 июлдан бошлаб тарифларни ошириш режаси кейинги сурилганди.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилганди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашиб, бойларнинг бойиб янада бойишига олиб келаётганини таъкидлаганди. У бозор нархларидан паст тарифларни қўллаб-қувватлаш учун энергия компанияларига берилаётган млрдлаб доллар субсидиялар асосан бойларнинг фойдасига ишлаётганини айтганди.

Бундан ташқари, паст тарифлар туфайли энергетика компаниялари кўп млрд долларлик зарар кўрмоқда.

Истеъмолчиларнинг гуруҳларга ажратилиши

Электр энергия истеъмолчилар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

Барча электр энергияси истеъмолчилари тўрт тариф гуруҳига бўлинади (I, II, III ва IV).

I тариф гуруҳига уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган, электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчилар киради. Бюджет ташкилотлари, сув таъминоти ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно.

II тариф гуруҳига қуйидагилар киради: электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар, маиший истеъмолчилардан ташқари; «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган, ҳудудий электр таъминоти корхоналари, шу жумладан ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан электр қуввати оладиган корхона ва ташкилотларнинг, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ушбу корхоналар ҳудудидан ташқарида алоҳида жойлашган объектларининг хўжалик эҳтиёжлари.

Бунда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан хўжалик эҳтиёжлари учун ўзига тегишли тармоқларда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича фойдаланилган электр энергияси амалдаги таннарх бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

III тариф гуруҳига маиший истеъмолчилар киради. Ушбу тариф гуруҳи бўйича аҳоли томонидан турмуш эҳтиёжлари учун уй-жойларда, хонадонларда, ётоқхоналарда, ёрдамчи хўжаликларда, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида, шу жумладан боғ ширкатлари ва дала ҳовлилар суғориш насослари, шахсий автомашиналар учун гаражларда сарфланадиган электр энергияси ҳақи ток қабул қилгичларнинг қуввати ҳамда ҳисобга олиш асбобларининг ўрнатилган жойидан қатъий назар, тўланади.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар томонидан фойдаланиладиган электр энергияси ҳақи ушбу тариф гуруҳига кирадиган амалдаги тарифнинг 50 фоизи миқдорида тўланади.

Бунда овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган электр энергияси истеъмолчилари мазкур банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган тариф бўйича ҳақ тўлайди. Ушбу уйлар ва ётоқхоналарни электр тармоқларига улаш бўйича техник шартларда аввал бошидан мазкур электр плиталарининг қуввати ҳисобга олинган, электр қурилмаларни (трансформаторлар, куч кабеллари, тақсимлаш шитлари, коммутация аппаратлари, электр узаткичлар ва бошқаларни) лойиҳалаштириш ва монтаж қилиш уларнинг техник шартларда кўрсатилган қувват ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Бюджет ташкилотларидан ташқари электр энергиясидан биноларни электр билан иситиш, иссиқ сув таъминоти ва овқат тайёрлаш мақсадида фойдаланадиган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчилари томонидан сарфланадиган электр энергияси ҳажмининг ҳақи IV тариф гуруҳи бўйича тўланади.

Электр энергиясидан аҳолига электр энергияси етказиб бериш мақсадида фойдаланувчи идоравий ва муниципиал уй-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари, диний ташкилотлар ва оилавий корхоналар, шунингдек, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналарга маиший истеъмолчиларга белгиланган тариф қўлланилади.