Ўзбекистонда 2023 йил якунига кўра, давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2021 йилга нисбатан беш баравар ошди. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларида келтирилган.

2021 йилда субсидиялар учун 5,63 трлн сўм, 2022 йилда 12,26 трлн сўм ажратилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич рекорд даража — 29,25 трлн сўмгача ошди (ўтган йилги ўртача курс — 11 минг 741 сўм бўйича қарийб 2,5 млрд доллар).

Маблағларнинг катта қисми — 17,99 трлн сўми (дастлаб 12,4 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлса-да) табиий газ сотиб олиш (бозор баҳосида) ва ички бозорда (тартибга солинадиган тарифлар бўйича) сотишдаги фарқни қоплашга йўналтирилган. Хусусан, Ўзбекистон хорижий компаниялар билан қўшма лойиҳалар асосида экспортга мўлжалланган газни ички бозор учун ҳам экспорт нархларида харид қилди. Шу сабабли «Ўзтрансгаз» Корея компанияларидан 1 млрд доллар, 2019 йилда эса «Лукойл»дан 600 млн доллар қарздор бўлиб қолганди.

Бундай қарзлар қандай юзага келишини аввалроқ тушунтириб бергандик.

2021 йилги бюджетда бундай субсидиялар кўзда тутилмаганди, 2022 йилда эса бу мақсадлар учун 6,7 трлн сўм йўналтирилди.

2024 йилда тарифларни ошириш ҳисобига субсидиялар миқдорини 9,5 трлн сўмгача камайтириш режалаштирилган. Шунингдек, электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш нархлари ўртасидаги фарқни қоплаш учун 2,5 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган.

2023 йилда геология-қидирув ишларига 1,02 трлн сўм субсидия ажратилган. Йил бошида ушбу мақсадлар учун 990 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилганди.

Иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарга пасайтирилган тарифлар сақланиб қолиши муносабати билан етказилган зарарни қоплаш учун яна 1,72 трлн сўм ажратилди. 2024 йилда бу миқдор 4,5 трлн сўмга етиши кутилмоқда.

Жамоат транспорти учун 838 млрд сўм ажратилган бўлса, 2024 йилда бу миқдор 1,5 трлн сўмга етиши прогноз қилинган.

Иссиқлик таъминоти ва жамоат транспортига тўланадиган компенсация миқдорининг кескин ошиши 1 октябрдан газ ва электр энергияси нархлари ошгани, шу сабабли иссиқлик электр станциялари ва автобуслар ёқилғини оширилган нархларда харид қилаётгани билан изоҳланган.

Давлат-хусусий шерикчилик доирасида болалар боғчалари қуриш учун 2,74 трлн сўм (бу йил 3,04 трлн сўм ажратиш режалаштирилган), аҳоли томонидан ипотека дастури бўйича уй-жой сотиб олишда дастлабки тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун 1,1 трлн сўм (2024 йилда 1,5 трлн сўм) субсидия йўналтирилди.

2024 йилда субсидиялар учун 29,8 трлн сўм, энергетика соҳасига 20,6 трлн сўм, геология-қидирув ишларига 900 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналар учун яна бир имтиёз жорий қилинганди. 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабргача металл ва углеводородлар қазиб олишни бошлаган корхоналар рента солиғидан умрбод озод қилинади. Депутат Дониёр Ғаниев бунга қарши чиққанди, шунга қарамай, ўзгариш қабул қилинган.