2 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида президентнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда, жумладан, президент маслаҳатчиси Равшан Гулямов, бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро молия ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Президент қарорида 2024 йилда 10 та устувор йўналиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Бу асосий йўналишлар қуйидагилар ҳисобланади:

  1. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бюджет-солиқ сиёсатининг самарадорлигини ошириш ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш.
  2. Мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш.
  3. Қишлоқ ва сув хўжалигида ислоҳотларни кучайтириш, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни тубдан яхшилаш.
  4. Телекоммуникация соҳасини ислоҳ қилиш.
  5. Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш.
  6. Урбанизация жараёнлари ва уй-жой қурилишини жадаллаштириш.
  7. Бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, экспортни ошириш.
  8. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш.
  9. Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш.
  10. «Яшил» иқтисодиёт ва инновацион фаолиятни ривожлантириш.

«Бу қарор муҳокамаси чоғида муҳтарам президентимиз шундай деди: «Гап қарорларда эмас. Инвесторларни, биринчи навбатда, қонунлар қизиқтиради. Шу сабабли асосий эътибор [қонунларни ишлаб чиқишга] қаратилган. Масалан, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун ҳақида гапирадиган бўлсак, у 2009 йилда қабул қилинган. Бизга қонун лойиҳасининг янги таҳририни ишлаб чиқиш топширилди», — деди у.

Бундан ташқари, «Рақобатбардош энрегетика бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари»ги қонунга ўзгартишлар киритиш, янги Ер кодекси ва бошқаларни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш кўзда тутилган.

Иқтисодиёт ва молия вазири Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ҳамкорларга ҳукумат хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ишларни бошлаш ниятида эканини айтди. Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача хуфиёна иқтисодиёт ҳажмини қисқартириш бўйича Стратегияни ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш кўзда тутилган бўлиб, унда бунинг улушини қисқартиришга янги ёндашувларни жорий этиш, давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва соддалаштириш орқали тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли ишончини мустаҳкамлаш назарда тутилади.

«Эртага, албатта, журналистлар, иқтисодчилар ва бошқаларда „Бу нима? Бу орқага қайтишми ёки жазо механизмларига ўтишми?“ деган савол туғилиши мумкин. Бундай нарса йўқ. Бир сўз билан айтганда, биз энди аста-секин ва эҳтиёткорлик билан қонун-қоидаларни бузаётган тадбиркорларни тартибга чақирмоқчимиз. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи чоғида „Бизнинг ягона устуворлигимиз — иш ўринлари яратиб, аҳоли даромадларини ошираётган тадбиркорларимиз“, — деб таъкидлади. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш муҳтарам президентимиз сиёсатидаги устувор ва асосий устун тамойиллардан биридир», — деди Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари бу йўналишда «ҳеч қандай оғишлар ва орқага қайтиш бўлмайди», дея ишонтирди.

«Муҳтарам президентимизнинг жамоасида орқага қайтишни истайдиганлар ишламайди, ишлашга ҳаққи ҳам йўқ. Мен бу ердагилардан бизни қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Қаердадир хатога йўл қўйсак, айтинг, дарҳол тузатишга ҳаракат қиламиз», — деди у халқаро молия институтлари, ташкилотлар ва элчихоналар вакилларига мурожаат қилиб.

Шавкат Мирзиёев январь ойида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон давлат бюджети яшириш иқтисодиётдан кўраётган зарар 30 трлн сўм эканини, ялпи ички маҳсулотга етказилган зарар эса 135 трлн сўмни ташкил этишини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, бундай иқтисодиёт ҳалол ишлаётган тадбиркорларга тўсқинлик қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров аввалроқ қурилиш соҳасида иш ўринларини қонунийлаштириш мақсадида 2024 йил 1 апрелдан айрим объектларни қуриш учун зарур бўлган ишчилар сони меъёрини жорий этиш режалаштирилаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда бу давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилишларга таъсир қилади.

Ҳукумат, шунингдек, нақд пул айланишини қисқартириш ва айрим тўловларни фақат банк карталари орқали амалга ошириш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.

1 февралдан тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ишга тушди. Рейтинги юқори бўлган тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор қилинади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кун ичида қайтарилади, бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўловлар уч кун ичида қайтарилади. Бундан ташқари, товар ва хизматларни импорт қилиш ва сотишда тўланган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби қўлланади.