Қурилиш соҳасида иш ўринларини қонунийлаштириш учун 2024 йил 1 апрелдан айрим объектларни қуриш учун зарур бўлган ишчилар сони меъёрини жорий этиш режалаштирилмоқда, деди Сенат ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда бу давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилишларга таъсир қилади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 20 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг мажлисида қурилиш соҳасида иш ўринларини қандай қонунийлаштириш режалаштирилгани ҳақида гапирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унга кўра, 11 ой давомида мамлакатда 520 минг иш ўрни қонунийлаштирилди, яъни ишчилар шахсий даромад солиғи тўловчиларига айланди. Унинг таъкидлашича, энг кўп яширин иш ўринлари қурилиш, савдо, жумладан, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жойлашган.

Ишчиларни қонунийлаштиришдан ташқари, меҳнат шартномаси ва ишчиларга қўйиладиган малака талаблари билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, дейди у.

Қўчқоров аввалроқ таъкидлаганидек, норасмий иқтисодиётни оқлаш мақсадида Президент администрацияси билан биргаликда давлат раҳбарининг қарори лойиҳаси тайёрланди ва у якуний маъқуллаш босқичида.

Ҳужжатга кўра, унинг таъкидлашича, 2024 йил 1 апрелдан маълум бир объектни қуриш учун «керак бўлган ишчилар сонини кўрсатиш меъёри» жорий этилади. Биринчи босқичда талаб фақат бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган объектларга нисбатан қўлланилади.

«Компаниялар жуда катта лойиҳаларни қурадилар, лекин унинг ходимлари рўйхати бор-йўғи тўрт кишидан иборат. Бундай кўп қаватли уйларни тўрт киши қуриши мумкин эмас. Шунинг учун бу меъёрни [керакли ишчилар сони бўйича] бюджетдан молиялаштириладиган объектлар қурилишида жорий қиламиз», — деди Жамшид Қўчқоров.

Бундан ташқари, тасдиқланган малакага эга бўлган ишчилар сони бўйича меъёр босқичма-босқич жорий этилади, бу ҳам биринчи навбатда бюджетдан молиялаштириладиган объектларга таъсир қилади. «Масалан, мактаб қуришда қурилиш меъёрларига кўра, битта уста, битта бетончи, тўртта ғишт терувчи [уста] ва тўртта пардозчи керак бўлади. Яъни, малакаси тасдиқланган ишчилар сони бўйича талаб киритамиз», — деди бош вазир ўринбосари.

Жамшид Қўчқоров Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳозирда турли малакаларга бўлган талаблар ишлаб чиқилаётганини таъкидлади. «Улар тасдиқланиши керак, кейин эса имтиҳонлар ўтказилиши керак. Энди биз ҳамманинг малакасини дарҳол тасдиқлай олмаймиз, бундай имкониятларимиз йўқ», — деди у.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбари Бандлик вазирлиги томонидан ҳоким ўринбосарлари билан биргаликда Самарқанд вилоятида уйма-уй юриб, ишсизлар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг ҳақиқий сонини аниқлаш мақсадида ўрганилганини маълум қилди.

«Маълум бўлдики, расмий статистика бўйича бу ҳудудда ишсизлар сони 10 минг нафарни ташкил этган бўлса, уйма-уй юриб чиққанда уларнинг сони 3000 нафар бўлиб чиқди. Нима учун? Чунки кимдир норасмий равишда қурувчи, бошқаси норасмий равишда дўконда ишлайди ва ҳоказо. Бир сўз билан айтганда, бу жуда катта ва мураккаб муаммо», — деди бош вазир ўринбосари.

2022 йил июнь ойида Солиқ қўмитаси қурилиш соҳасида солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемасини эълон қилди. Буларга ходимларнинг ҳақиқий сонини, бажарилган ишларнинг ҳақиқий ҳажмини яшириш, харажатларни сунъий равишда ошириш ва бошқалар киради.