Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт муаммосини бугунги кунда энг долзарб масала эканини айтди.

Давлат раҳбари эълон қилган маълумотларга кўра, хизматларда 140 триллион сўм, қурилишда 50 трлн сўм, саноатда 40 трлн сўм маҳсулот «сояда» қолмоқда. Агар улар жойида бўлса, бу орқали ялпи ички маҳсулотга 135 трлн сўм, давлат бюджетига эса 30 триллион сўм миқдорида тушум қилиш мумкин.

иш ўринлари, яширин иқтисодиёт

27 мингта қурилиш корхонасининг 41 фоизи ёки 10 947 мингтаси ҳисоботида фақат бир нафар ишчисини расмий ходим сифатида кўрсатган бўлса, шундан 2249 таси Тошкент шаҳрида, 1087 таси Тошкент вилоятида, 837 таси Самарқанд шаҳрида ва ҳоказо. Ушбу корхоналар томонидан ўтган йил давомида 4 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.

«Ҳидоятов (қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов — таҳр.) ва ҳокимларнинг ҳар бирини бундан хабари борми? Буни биладими? Мактабни 5 миллиард сўмга қурмоқда, лекин ҳисоботда бор-йўғи 1 нафар ишчисига ойлик беряпти», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги BM Group қурилиш корхонаси уч нафар расмий ишчи билан умумий қиймати 20 млрд сўмлик 62 хонадонли турар-жой объекти қуриб сотган. «Мана ҳақиқий аҳвол, жаноб Ҳидоятов», — деди у.

Ҳар бирида 25 гектар ерга эга 5 мингта мева-сабзавотчилик фермер хўжалигида ҳам 1 нафардан расмий ишчи кўрсатилган. Давлат раҳбари вилоят ҳокимлари, президент маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновга 15 кун муддатда фермер хўжаликларини таҳлил қилиб, бир туманни намуна қилиб, ҳисобот тақдим этишни топширди.

Бугунги кунда 5 миллионга яқин аҳоли норасмий секторда фаолият юритмоқда, уларга ойлик бераётган тадбиркорлар солиқ тўламайди, деди президент.

«Бир нарсани аниқ тушунишимиз зарур. Яширин иқтисодиёт, авваламбор, тўғри ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига катта тўсиқ бўляпти. Бугун кунда интизомли тадбиркорлар: „Қани адолатли рақобат?“, деган ҳақли эътирозини билдиряпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни қисқартириш учун Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланиши ҳақида хабар берилганди.

Департамент ҳузурида Илмий-таҳлилий ва ўқув маркази очилади. Марказ яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, илғор хорижий тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқади, тизим ходимларини иқтисодий жиноятларни аниқлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўқитади.

Шу билан бирга, Бош прокуратурада ҳам яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинади.

2023 йилнинг декабрь ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров қурилиш соҳасида иш ўринларини қонунийлаштириш учун 1 апрелдан айрим объектларни қуриш учун зарур бўлган ишчилар сони меъёрини жорий этиш режалаштирилаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу биринчи босқичда давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилишларга қўлланилади.

Шунингдек, 1 мартдан бошлаб тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. У электрон шаклда бўлади ва юқори рейтингга эга тадбиркорларга қатор имтиёз ҳамда преференциялардан фойдаланиш имконини беради. Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор қилинади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кун ичида, бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўловлар уч кун ичида қайтарилади. Товарларни импорт қилиш ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.

«Тўғри ишлаётган, тушумларини тўлиқ кўрсатиб, солиқларини ўз вақтида тўлаётган тадбиркорлар бир нарсадан хотиржам бўлсин. Бундай тадбиркорларни биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил ёзида Ўзбекистонда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси ишга туширилганди. Биринчи босқичда у капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларини қамраб олиши, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа йўналишларда ҳам босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилганди.