Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий 14 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Самарқанд аэропортида уни бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Шундан сўнг, Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Иброҳим Раисийни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган майдонда Эрон президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди ва Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни қарши олди.

Давлатлар етакчилари фахрий қоровул олдидан ўтиб, ҳарбий хизматчиларни қутлади. Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари қатнашди. Биргаликда суратга тушишдан сўнг давлат раҳбарларининг музокаралари бошланди.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Диққат марказида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, кооперацияни кучайтириш, саноат, инновациялар, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика, бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар бўлди.

Шунингдек, минтақада самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Эрон етакчилари долзарб минтақавий масалалар, шу жумладан Афғонистонда юзага келаётган вазият, ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди.

Иброҳим Раисий пайшанба куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашинининг мажлисида ҳам иштирок этади. Бунга қадар, ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух етиб келгани ҳақида ёзгандик.

Фото